Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда Қримдаги портлашда айбланган шахс 18 йилга қамалди
Ҳарбий суд Сергей Ержовни Қримда Ялта яқинида газ қувуридаги портлаш иши бўйича 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Россия Федерациясининг Жанубий округ ҳарбий суди Сергей Ержовни Қримнинг Ялта яқинидаги Кореиз қишлоғида 2023 йилда газ қувурида содир бўлган портлашда айблаб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда таъкидланганидек, Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми бошлангандан сўнг, Ержов Днипропетровск вилояти ҳудудида бўлганида Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») ходими билан «алоқага кирган». Унинг раҳбарлиги остида у гўёки «қўлбола портловчи қурилмаларни ясаш бўйича кенг қамровли билим, амалий кўникмаларга эга бўлган».
Шундан сўнг, суд версиясига кўра, 2023 йилнинг ёзида ўша пайтда Ялтага кўчиб ўтган Сергей Ержов гўёки портловчи мослама ясаган ва 23 июн куни газ қувурининг бир қисмини портлатиб, «катта моддий зарар етказган, шунингдек, ўлим хавфини яратган».
Суд матбуот хизмати хабарига кўра, Ержов жазо муддатининг дастлабки тўрт йилини қамоқда, қолганини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтказади. Бундан ташқари, унга 500 минг рубл миқдорида жарима белгиланди.
«ФСБ» айбланувчининг ҳибсга олингани ҳақида ўтган йилнинг август ойида хабар бериб, унинг сўроқ пайтидаги видеосини кўрсатган эди. Ёзувда Ержов айбини тан олган.