Ўзбекистон | 12:02 / 24.07.2024
3155
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда ахборот технологияларига ихтисослашган олий билим юрти ташкил этилиши мумкин

Хоразм вилояти делегациясининг Ҳиндистонга амалий ташрифи доирасида икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Фото: "Дунё" АА

Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорлари ва тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Ҳиндистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мамлакат элчихонаси  кўмагида ташкил этилган ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Деҳли шаҳри, Карнатака ва Тамилнаду штатларида самарали музокаралар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришга қаратилган меморандумлар имзолади.

Хоразм вилояти вакиллари ва ҳиндистонлик ҳамкорлар ўртасида бўлиб ўтган 50 дан ортиқ учрашув, музокаралар ва тақдимот маросимларида мамлакат олий таълим соҳасининг улкан салоҳияти, ёшларнинг замонавий ва талаб юқори бўлган касбларни эгаллаши учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик кўламига алоҳида эътибор қаратилиб, биргаликда янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Ҳиндистон таълим вазирининг ўринбосари Санжай Мурти, Ахборот технологиялари ва электроника вазирлиги АКТ департаменти бошлиғи Сушил Пал билан мулоқотлар чоғида икки мамлакат ўртасида таълим ва ахборот технологиялари соҳасида изчил ривож топиб бораётган фаол шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Хоразмда ахборот технологиялари марказларини яратиш жараёнига Ҳиндистоннинг илғор олий билим юртларини жалб қилиш, уларнинг бой тажрибасини вилоят университет ва институтларида татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Жаваҳарлаъл Неру ва Амити университетлари, Деҳли ва Мадрас шаҳарларидаги Ҳиндистон технология институти, Ачаря институтлар гуруҳи, Веллор технология институтида ўтказилган амалий музокаралар чоғида мазкур етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Амити университети билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида ахборот технологияларига ихтисослашган олий билим юртини ташкил этиш бўйича лойиҳа ўрганиб чиқилди, Веллор технология институти делегациясининг Хоразмга ташрифини уюштириш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид