Жаҳон | 07:47 / 27.07.2024
3251
2 дақиқада ўқилади

Челябинск вилоятида тўғон ёрилиши: бешта қишлоқ сув остида қолди

Челябинск вилоятида кучли ёмғир туфайли тўғон ёрилди. Бешта қишлоқнинг 200 га яқин аҳолиси фалокат зонасида қолган. Қишлоқлардан бири бутунлай сув остида қолиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Фото: Donat Sorokin/ITAR-TASS/imago images

Челябинск вилоятида 26 июл, жума куни узоқ давом этган ёғингарчилик туфайли сув сатҳининг кескин кўтарилиши сабаб Киалимское сув омборида тўғон ёрилди. Тўғон ёрилиши 100 метр майдонда кузатилган, иншоотнинг умумий узунлиги 500 метрни ташкил этади, дея аниқлик киритди вилоят Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Миасс-Қорабаш-Қиштим автомобил йўлининг бир неча километри сув остида қолган, у ердаги транспорт ҳаракати тўсиб қўйилган.

Қорабош шаҳар округида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Тезкор штаб маълумотларига кўра, Киолим, Мухаметово, Карасаево, Баидашево ва Сактаево қишлоқлари сув тошқини зонасида. Уларнинг умумий аҳолиси 200 га яқин. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда маҳаллий аҳоли уйларининг томларига кўтарилаётган сув сатҳи туфайли чиқиб олганини кўриш мумкин. Қутқарув хизматлари учта аҳоли пунктини эвакуация қилишни ташкил қилмоқда, бир қишлоқ бутунлай сув остида қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. 

Округнинг барча аҳолисидан чучук сув захирасини тўплаш, электр энергияси узилишига тайёр бўлиш, эвакуация эҳтимоли бўйича ҳужжатларни йиғиш сўралган.

Киалим сув омбори 1979 йилда Индишта дарёси ва Катта Киалим дарёсининг қўшилиш жойида қурилган бўлиб, сув омборидан саккиз километр узоқликда жойлашган Қорабаш шаҳри учун ичимлик манбаи бўлиб хизмат қилади. 

Мавзуга оид