Спорт | 17:05 / 30.07.2024
36998
4 дақиқада ўқилади

Қиличбоз Париждаги олтин учун рекорд бонусга эга бўлди

Ҳонгконг Олимпиададаги ғолиблик учун энг сахий мамлакат.

Фото: Patrick Smith/Getty Images

Париждаги Олимпиадада аёл шпагачилар турнири ҳонгконглик Май Ван Вивиан Конгнинг ғолиблиги билан якунланди. Энди ушбу спортчи ватанида катта мукофотга эга бўлади — 6 миллион Ҳонгконг доллари (768 500 АҚШ доллари - ўн миллиард сўмга яқин). Ҳонгконглик атлетларга медаллар учун Олимпиада иштирокчилари орасидаги энг йирик мукофот пуллари ваъда қилинган. Хитойнинг автоном ҳудуди ҳисобланадиган Ҳонгконг Халқаро олимпия қўмитасининг мустақил аъзоси ҳисобланади ва аҳолиси расман Хитой фуқаролари бўлса-да, Олимпиадада ўз жамоаси билан иштирок этади.

Вивиан Конг финалда франциялик Орян Майо-Бретон билан беллашди, мезбон мамлакат кумуш медал учун анча камроқ маблағ ажратган — 42 980 доллар. Ушбу йўналишда бронза олган венгриялик Эстер Муҳари ҳам ундан икки баробар кўпроқ пулга эга бўлади — 88 минг доллар.

Аёллар ўртасидаги шпага бўйича баҳслар финали Париж олимпиадасидаги энг ақл бовар қилмас сюжетлардан бирини тақдим этди. Вивиан Конг жаҳоннинг биринчи рақамли шпагачиси ҳисобланади, у турнирга жаҳон рейтингини бошқараётган ҳолда келди. Лекин финал давомида мезбонлар вакилидан 1:7 ҳисобида ортда қолаётганди, иккинчи бўлимда ҳам ҳисоб Малло-Бретон фойдасига 9:6 кўринишида эди, аммо якуний бўлимда ҳисоб 12:12 га айланди ва ўйин овертаймларга ўтди. Ҳал қилувчи бўлим бошланганидан 30 сония ўтгач эса ҳонгконглик спортчи аниқ зарба бериб, президент Макрон бошчилигидаги маҳаллий мухлисларни шок ҳолатга туширди.

Мамлакатларнинг мукофот пуллари нафақат ҳукуматнинг Олимпиадага қизиқиши, балки медал учун имкониятлардан келиб чиқиб белгиланади. Спортчилари кўп медалларни қўлга киритмайдиган мамлакатларда тақдирлаш юқорироқ бўлади.

Ҳонгконг Париждаги Олимпиада иштирокчилари орасидаги энг сахий мамлакат. Ҳонгконг спорт институти ғолиблик учун 768 500 доллар, кумуш ва бронза медаллар учун — мос равишда 384 минг ва 192 минг доллардан тўлаб беради. Жамоавий баҳслардаги медаллар учун мукофот кўпроқ: биринчи ўрин учун бир ярим миллион доллардан кўпроқ, иккинчи ва учинчи ўринлар учун мос равишда 768 ва 384 минг доллардан берилади.

Ушбу мамлакат вакиллари пастроқ натижалар учун ҳам қуруқ қўйилмайди: тўртинчи ўрин учун яккалик баҳсларда 96 минг, жамоавий баҳсларда 192 минг доллар мукофот кўзда тутилган. Бешинчидан саккизинчи ўринга қадар — индивидуал ва жамоавий баҳслардаги натижалар учун мос равишда 48 ва 96 минг доллардан ажратилган.

Бундай юқори тўловлар бежиз эмас — Ҳонгконг Олимпия ўйинларида тез-тез медал олмайди. 2021 йил Токио Олимпиадасида ушу жамоа вакиллари жами олтита медал олган (битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза), 2016 йилда бирор спортчиси шоҳсупага кўтарилмаган.

Ҳонгконг ёзги Олимпиадаларда 1952 йилдан буён иштирок этиб келади, фақат 1980 йилдаги ўйинларда бирор вакили бўлмаган. Вивиан Конгнинг медали жами ҳисобда 10-медал бўлди, у ўз мамлакатининг Олимпиадаларда олтин медал қўлга киритган учинчи вакили бўлди. Унинг ғалабасидан бироз ўтиб мамлакатдаги энг йирик темирйўллар корпорацияси у темирйўл транспорти хизматларидан умрбод бепул фойдаланиши мумкинлигини маълум қилди.

  • Олимпиаданинг тўртинчи кунига келиб ҳонгконгликлар тарихдаги энг яхши натижасини яхшилаб бўлди, 30 июл кун қиличбозлик бўйича баҳсларда Токиодаги ягона олтин медал эгаси Чунг Ка Лонг навбатдаги олтин медални қўлга киритди, шунингдек сузиш бўйича баҳсларда Ҳугей Сиобҳан Бернадетте бронза медал олди.

Париждаги ўйинларда энг сахий жамоалар учлигидаги қолган икки жамоа ҳам Осиё вакиллари — Сингапур (олтин учун 737 минг доллар) ва Тайван (720 минг доллар). Сингапурликлар ёзги Ўйинларда 1948 йилдан буён иштирок этиб келади ва шу вақтгача жами бешта медал олган (фақат биттаси олтин), тайванликлар эса — 1956 йилдан иштирокини бошлаган ва шу вақтгача 36 медалга эга чиққан (еттитаси олтин).

Бу икки жамоа ҳозирча Парижда медаллар ҳисобини очмади.

Мавзуга оид