Жаҳон | 09:03 / 01.08.2024
3968
3 дақиқада ўқилади

Politico: Венгрия ЕИнинг Венесуэла ҳақидаги баёнотини блоклади

Европа Иттифоқи давлатлари Венесуэладаги президентлик сайловларининг расмий натижаларини танқид қилиб, қўшма баёнот чиқармоқчи бўлди. Аммо Венгрия ҳужжатга вето қўйди.

Фото: Getty images

Венгрия Европа Иттифоқи давлатларининг Венесуэладаги президентлик сайловларида «кўплаб камчиликлар ва қонунбузарликлар» ҳақида гап борган қўшма баёнотини блоклади. Бу ҳақда 31 июл, чоршанба куни номи ошкор этилмаган европалик расмийларга таяниб, Politico хабар берди.

Душанба куни Европа Иттифоқи давлатлари Венесуэла бўйича қўшма баёнот чиқариб, сайлов натижаларидан хавотир билдирмоқчи эди, дея хабар беради Politico. Бироқ, Венгрия ҳужжатга вето қўйди. Натижада, сешанба куни матн Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел томонидан ўз номидан чоп этилди. «Овоз бериш баённомалари оммага эълон қилинмагунча ва қайта текширилмагунча, эълон қилинган сайлов натижалари тан олинмайди», деди у.

Якшанба куни Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси 51,2 фоиз овоз билан амалдаги ҳукмдор Николас Мадуро ғалаба қозонганини эълон қилди. Мухолифат ўз номзоди Эдмундо Гонсалес Уррутиа ҳақиқатда катта фарқ билан ғалаба қозонганига ишоняпти. Мадуронинг ғалабасини Россия, Хитой, Эрон ва Сербия тан олди. Америка давлатлари овозларни қайта санаб чиқишга чақирди.

ЕИ ва Венгрия раҳбарияти ўртасидаги келишмовчиликлар

Бош вазир Виктор Орбаннинг Киев, Москва, Пекин ва Вашингтонга ташрифидан сўнг Венгрия ва Европа Иттифоқининг қолган давлатлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар кучайди. Унинг ўзи бу турни «тинчликни сақлаш миссияси» деб атаган. Аммо ЕИ раҳбарияти ва 27 ҳамжамият мамлакатидан 25 таси етакчилари уни танқид қилиб, Орбан Европа Иттифоқи вакили эмаслигини, фақат Венгрия бош вазири сифатида борганини таъкидлади.

Боррел август ойи охирида Будапештда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишига бойкот эълон қилди. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Орбаннинг ташрифлари дунёда чалкашликларга сабаб бўлганини айтди. Полша ташқи ишлар вазири ўринбосари Теофил Бартошевский Орбан сиёсатини «аксилевропа, Украина ва Полшага қарши» деб атади ва унга Европа Иттифоқидан чиқиб, Путин билан иттифоқ тузишни таклиф қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид