Жаҳон | 23:29 / 03.08.2024
16223
3 дақиқада ўқилади

Байден Нетаняҳуга ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда — ОАВ

АҚШ раҳбари Исроил бош вазирининг Байрут ва Теҳрондаги қотиллик операцияларидан норози эканини билдиргани таъкидланмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни минтақавий уруш хавфи ортиб бораётгани сабабли зўравонликнинг кескинлашишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Axios ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, Оқ уй раҳбари шахсий суҳбат чоғида Нетаняҳудан минтақадаги кескинликнинг кучайишини тўхтатишни, зудлик билан Ғазодаги гаровга олинганлар бўйича келишувни қабул қилишни ва ўт очишни тўхтатишни талаб этган.

«Байден ва ёрдамчилари Нетаняҳунинг тўрт йил ичида Оқ уйга биринчи ташрифидан бир ҳафта ўтиб содир бўлган Исроилнинг Байрут ва Теҳрондаги қотилликларининг оқибатларидан ҳафсаласи пир бўлди», дейилади мақолада.

Нашрга кўра, АҚШ расмийлари 1983 йилда Байрутда 241 нафар АҚШ аскарининг ўлдирилишида иштирок этган «Ҳизбуллоҳ» олий ҳарбий қўмондони Фуад Шукрнинг ўлими ёки ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишидан афсусда эмас.

«Аммо улар Нетаняҳуни ушбу операциялар ҳақида Байденни огоҳ этмаганликда айблашади. Байден маъмурияти Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувни Яқин Шарқдаги урушдан кейинги стратегия марказида қўяди. Байден келишувга эришишни лавозимида қолган олти ой давомида ўз меросининг асосий элементи деб ҳисоблайди», дейилади мақолада.

АҚШ расмийларининг журналистларга айтишича, Байден Нетаняҳуга қўнғироқ қилиб, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»нинг эҳтимолий қасос олишига АҚШ ва Исроилнинг биргаликдаги ҳарбий тайёргарликларини муҳокама қилган, бироқ у Исроил бош вазирининг ўтган ҳафта тутган йўлидан норози эканини ҳам аниқ билдирган.

«Байден Нетаняҳудан норози бўлган. Чунки улар ўтган ҳафта Оқ уйда келишувни таъминлаш ҳақида гаплашиб олган бўлса-да, Нетаняҳу бунинг ўрнига Теҳронда қотиллик содир қилган... Шунингдек, Байден Нетаняҳуни вазият яна кескинлашса, ўзидан ёрдам кутмаслиги ҳақида огоҳлантирган», дейилади мақолада.

Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, Исроил бош вазирининг идораси Нетаняҳу «Америка қўллаб-қувватлашини қадрлаши ва Исроил бош вазири сифатида у фақат Исроил давлатининг хавфсизлик манфаатларига мувофиқ ҳаракат қилишини» айтган.

Мавзуга оид