Жаҳон | 07:59 / 03.08.2024
2004
1 дақиқада ўқилади

Нижний Тагилда уй қулаши қурбонлари сони 10 кишига етди

Нижний Тагилда беш қаватли турар жой қулаши қурбонлари сони 10 кишига етди. 11 нафар жабрланувчи шифохоналарда қолмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага газ портлаши сабаб бўлган. 3 август шаҳарда мотам куни деб эълон қилинди.

Фото: ТАСС

Нижний Тагилда беш қаватли турар жой биноси қулаши қурбонлари сони 10 кишига етди. Бу ҳақда 2 август, жума куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. Департамент маълумотларига кўра, 11 нафар жабрланувчи шифохоналарда қолмоқда. Шифокорлар улардан беш нафари, жумладан икки боланинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда, деди Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшимча қилишича, воқеа жойида 550 нафар қутқарувчи ва 74 бирлик техника ишламоқда.

Қулаш 1 август куни содир бўлган ва иккита кириш йўлагига таъсир қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага газ портлаши сабаб бўлган. Россия Тергов қўмитасининг ҳудудий бошқармаси истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш очди.

Нижний Тагил мэри Владислав Пинаев 3 августни мотам куни деб эълон қилди.

Мавзуга оид