Ўзбекистон | 19:00 / 05.08.2024
2995
2 дақиқада ўқилади
Реклама

Газли: газ сифатини яхшилаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида

Газли магистрал газ қувурлари бошқармасида 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси юқори босимли газ қувурлари тизимидаги муҳим бўғинлардан бири. Бу жойдаги муҳандислик иншоотлари орқали ўтадиган табиий газ - босими кучайтирилган ҳолда республикамиз маркази ва жанубий ҳудудларидаги вилоятларга узатиб берилади. Табиий газни узатишдан аввал унинг сифатига ишлов берилади. 

Ҳозирда ДКС-5Б компрессор цехида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ерда икки режимда ишлайдиган агрегатлар ўрнатилган: ёзги ва қишки. Шу кунларда агрегатлардаги ўзгарувчан оқимли қисмлар алмаштирилиб, қишки режимда ишлашга мослаштирилмоқда. Шу орқали самарали ва узлуксиз фаолиятни кафолатлаш мумкин бўлади. Тадбир натижасида агрегат ёзги режимга нисбатан икки баравар кучли ишлай олади.

Табиий газни ташиш – мураккаб ва масъулиятли жараён. Табиий газ ишлаб чиқарувчи корхоналардан магистрал газ қувурлари тармоғига ўтишдан олдин намлик ва бошқа чиқиндилардан синчковлик билан тозаланади. Бунинг учун махсус қурилмалар ёрдамига таянилади. 

Бошқарманинг газ қуритиш цехида бугун олиб борилаётган таъмирлаш ишлари жараёнида айни шу тадбирлар амалга ошириляпти.

Газли магистрал газ қувурлари бошқармасида олиб борилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад битта: куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга табиий газни барқарор, сифатли ҳамда тўлиқ ҳажмда етиб боришини таъминлашдан иборат.

Мавзуга оид