АҚШ Ғазодаги урушдан манфаатдорми? Эксперт фикри
Исроилнинг Ғазода олиб бораётган кенг кўламли урушини «темир қўллов» билан қўллаётган, унинг яқин иттифоқчиси АҚШ бу ҳаракатлари ортидан ўзининг халқаро обрўсига путур етказмоқда. Лекин нима учун АҚШ геноцидни тўхтатишга ҳаракат қилмаяпти, уруш ва ҳарбий мавжудликдан қандай манфаатдор?
Мичиган университетининг ҳуқуқшунослик факултети тадқиқотчиси Элиас Ҳури Ғазодаги урушда АҚШнинг манфаатлари ва ҳарбий мавжудлиги борасида таҳлилларни тақдим қилди.
«Қарийб 10 ойдан буён Исроил Ғазода геноцидга олиб келган урушни давом эттирмоқда. Унинг армияси шафқатсиз ҳужумлари билан деярли барча халқаро гуманитар нормаларни бузмоқда. Исроил Ғазода жон сақлаётганларни ҳаётий элементар нарсалар – сув, озиқ-овқат, дори ва санитария воситалари, электр энергияси ва ёқилғидан ҳам маҳрум қилмоқда. Фуқаролик объектларига йўналтирилган ҳарбий ҳаракатлар натижасида аҳолининг катта қисми бошпанасиз қолган.
Исроил олдига қўйган ҳарбий мақсадларнинг бирортаси Ғазони тўлиқ яксон қилиш – ўн минглаб аҳолини ўлдириш, университет, мактаб, шифохона ва уйларни яксон қилишни назарда тутмайди. Агар, Исроил Ғазода бомбалар оқибатида текисланган қуруқ ерни оккупация қилишни хоҳламаса.
Исроилнинг бундай хатти-ҳаракатларини «темир қўллов» билан қўллаётган, унинг яқин иттифоқчиси АҚШ эса қоидаларга асосланган халқаро тизимни ва ўзининг халқаро обрўсини йўқотмоқда. Кўпчилик Исроилнинг бу ҳаракатларини Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумига жавоб сифатида баҳолайди. Лекин бугунга келиб улар очиқ геноциддан фахрланмоқда, Бинямин Нетаняҳу эса «тўлиқ ғалаба» ҳақида гапирмоқда», — дейди Ҳури.
Муаллиф Нетаняҳунинг ушбу атамасини фашистлар Германиясида ишлатилган «якунловчи ғалаба» шиори ва унга олиб бориш учун қилинган ноинсоний ҳаракатларга қиёслаган.
«АҚШ Исроилнинг энг ишончли иттифоқчиси ҳисобланса ҳам, уруш бошлангунига қадар эҳтиёткор бўлган ҳамда Фаластин билан музокараларда ўзини воситачи, икки тарафга тенг муносабатда кўрсатиб келишга уринган.
Лекин уруш бошланиши билан, Жо Байден ҳукумати Исроилни ҳар қадамда тўлиқ қўллашни бошлади. Аслида, бу жамиятлар икки хил ва Ғазодаги уруш ҳақидаги қарашлари, позициялари ҳам оз бўлса-да бошқачароқ бўлиши мумкин-ку?
Ёки Исроил лоббиси бўлган Америка—Исроил жамоатчилик билан алоқалар бўйича қўмитаси АҚШ ташқи сиёсатига таъсир ўтказишни бошладими? Ёки АҚШнинг ўзи Ғазодаги урушдан бирор манфаат кўряптими? Агар Ғазо соҳилларига яқин жойдаги газ конларига эга чиқмоқчи бўлса, бунинг учун уруш эмас, музокаралар ҳам етарли бўларди.
Юқорида саналганларнинг бирортаси фаластинликларни геноцид қилаётган Исроилни қўллаш орқали АҚШнинг Яқин Шарқда ҳам, бутун дунёда ҳам обрўси тўкилишини изоҳламайди.
Агар АҚШнинг қўллови Ғазодаги геноцид билан боғлиқ бўлмаса-чи? Балки АҚШ бу ерда ким асосий эканини кўрсатиб қўймоқчидир?»
Сўнгги йилларда кўплаб олимлар ва таҳлилчилар кўп қутбли дунё ҳақида гапиряпти ва дунёда АҚШ гегемонлиги ниҳоясига етганини таъкидламоқда. Таҳлилчи АҚШнинг бу қўллов орқали ўз гегемониясини тиклашга уринмоқда, деб ҳисоблайди.
«Бу таҳлиллар фонида АҚШ Сурия ва Украинадаги можароларда Россия билан муносабатларда боши берк кўчага кириб қолган. Афғонистондан эса қўшинларини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди ва “Толибон” ҳокимиятга келди. Лотин Америкаси давлатларида ҳам вазият — АҚШ учун салбий томонга ўзгармоқда.
Айни шу вақтда эса АҚШнинг асосий рақиби Хитой халқаро майдонда ўз таъсир доираларини кучайтириб бормоқда. Хитой асосий роллардан бирини ўйнайдиган БРИКС ташкилоти ўз сафини Эрон, БАА, Миср ва Эфиопия ҳисобига кенгайтириб, БРИКС+га айланди. Хитой 2023 йилда Ямандаги қуролли можароларни ҳам совитишга ёрдам бериб, Яқин Шарқ геосиёсий майдонда «дебют» қилди».
Муаллифга кўра, айнан шу каби омиллар АҚШни дунёда пасайиб бораётган қудратли давлат мавқейини тиклаб олиш учун ҳаракат қилишга ундаган. Ва бундай имконият Ғазода юзага келди.
«АҚШнинг ҳаракатларини айнан шундай тушуниш керак. Бўлмаса, нима учун енгил қуролланган Ҳамаснинг бир марталик ҳужумига жавобан АҚШ минтақада ўз ҳарбий мавжудлигини кучайтирмоқда? Халқаро гуманитар ҳуқуқнинг энг асосий принципларини менсимасдан олиб борилаётган уруш – АҚШни ҳеч ким тўхтатиб қола олмаслигини кўрсатиб қўйиш учундир.
Бунга баъзи қаршиликлар ҳам бўлди. Масалан, Эрон Сурияда юқори мартабали амалдори ўлдирилиши ортидан ҳаводан Исроилга унчалик катта зарар етказмаган ракеталар отди. Эрон катта эҳтимол билан бу сценарийни Ҳамас сиёсий лидери ўлдирилишидан сўнг такрорлайди.
Ливия ҳудудига ҳужумга жавобан «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроилга ҳужумлар уюштирди.
Қизил денгизда яманлик ҳусийчилар эса муҳим денгиз юкларини тўхтатди, Исроил ҳудудига дронлар ва ракеталар учирди.
Жанубий Африка Республикаси Исроилни геноцидда айблаб, унга қарши БМТнинг халқаро судида иш қўзғатди. Суд дастлабки ҳукмида даъвогарлар фойдасига ҳукм чиқарди.
БМТнинг Яқин Шарқдаги қочқинлар ишлари бўйича ташкилотини АҚШ молиялаштирмай қўйгач, Хитой уни молиявий қўллашини билдирди. Хитойликлар яна мустақил Фаластин давлатини тузиш ва тан олишга чақириб, Фатҳ ва Ҳамас ташкилотлари бирлиги борасида келишув тузишга ёрдам берди.
Лекин юқоридагиларнинг ҳеч бири АҚШнинг Исроилга тақдим этаётган чексиз ресурслари ва дипломатик ҳимоясига қарши туриш учун етарли бўлмаяпти.
БРИКС+нинг мақсади Коллектив Ғарб гегемониясига қарши туриш эди. Лекин Хитой ўз гегемониясига муносиб бўлмаган ҳолда фақат дипломатик чақириқлар билан чекланиб қолди, Россия деярли жим бўлса, Ҳиндистон Исроилни очиқ-ойдин қўллаб-қувватлашини билдирди.
БРИКС+ мамлакатлари Ғазодаги геноцидни тўхтатиш учун кўпроқ нарсалар қилиши мумкин эди. Лекин улар бундай қилмади. ЖАР ва Эрондан ташқари БРИКС+ давлатлари ҳозирча вазиятдан фойдаланиб қолмаяпти. АҚШ ташкилотни «қоғоздаги йўлбарс», дея тавсифламоқда. Агар БРИКС+ давлатлари бунинг аксини исботламаса, АҚШ ўзи хоҳлаган қудратли гегемониясини сақлаб қолаётганини билдиради», дейди ҳуқуқшунос.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024