Жаҳон | 20:26 / 27.05.2026
4660
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Трампга хат ёзиб, Украинани Россия ракеталаридан ҳимоя қилишни сўради

Украина раҳбари сўзларига кўра, мамлакат дронлардан ҳимояланишда сезиларли ютуқларга эришган, аммо ҳозирча ўзининг ракетага қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқара олмайди.

Фото: Maxym Marusenko/NurPhoto

Украина президенти Володимир Зеленский Доналд Трамп ва АҚШ Конгрессига мактуб йўллаб, унда Украинада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаётганини маълум қилди, деб хабар берди Kyiv Independent. Хат матнини Axios журналисти Барак Равид эълон қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина дронлардан ҳимояланишда сезиларли ютуқларга эришган, аммо ҳозирча ўзининг ракетага қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқара олмайди.

«Ракетага қарши мудофаа масалаларида биз бутун дунёдаги дўстларимиз ва ҳамкорларимизга таянамиз. Баллистик ракеталардан ҳимояланишда эса биз деярли фақат Қўшма Штатларга таянамиз», деб ёзди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, Patriot тизимлари «Россиянинг барча турдаги баллистик ракеталарига қарши энг самарали ҳимоя бўлиб қолмоқда». «Ва айнан Украина қўлида Patriot тизимлари жуда муҳим нарсани исботлади: Россиянинг аксарият ракеталарини тўхтатиш мумкин», деди президент.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, PURL дастури бўйича қурол етказиб беришнинг ҳозирги суръатлари «биз дуч келаётган таҳдид ҳақиқатига мос келмайди».

«Сиздан Украина ҳаво ҳудудини Россия ракеталаридан ҳимоя қилишда ёрдам беришингизни сўрайман», деди у.

PURL — НАТО альянсининг Украина учун Америка қуролларини Европа давлатлари маблағлари ҳисобига сотиб олиш ташаббуси. Financial Times ёзганидек, Яқин Шарқдаги уруш фонида АҚШ Европани қурол-яроғ, жумладан, Украина фойдаланадиган ўқ-дорилар етказиб беришни кечиктириши ҳақида огоҳлантирган. Украина президенти идораси 19 май куни PURL дастури бўйича таъминот давом этаётганини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид