Жаҳон | 22:46 / 27.05.2026
548
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон билан музокаралардан норози ва зарбаларнинг қайта бошланишига ишора қилди

Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, Теҳрон ҳозир бевосита можарони ҳал қилишга тайёр, бироқ Вашингтонга Эрон ҳукумати интилаётган шартлар ёқмайди.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралардан норози. АҚШ ҳарбийлари мамлакатда жанговар ҳаракатларни қайта бошлаши мумкин, деди у йиғилиш чоғида, сиёсатчининг нутқини Оқ уй YouTube канали трансляция қилди.

АҚШ президенти сўзларига кўра, Теҳрон ҳозир бевосита можарони ҳал қилишга тайёр, бироқ Вашингтонга Эрон ҳукумати интилаётган шартлар ёқмаяпти.

«АҚШ ё қониқарли келишувга эришади ёки ишни якунлайди. Кўрамиз, нима бўлади», деди Трамп Эрон билан урушнинг қайта бошланишига ишора қилиб.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар президенти Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларини топшириш эвазига Америка чекловларининг юмшатилиши уни қониқтирмаслигини таъкидлади. Трампнинг сўзларига кўра, Теҳрон «юқори даражада бойитилган уранни топширади, лекин санкцияларни юмшатиш эвазига эмас».

27 май куни Reuters агентлиги Эрон давлат телевидениесига таяниб, Теҳрон АҚШ билан ўзаро англашув меморандумининг «дастлабки ва норасмий» лойиҳасини олгани ҳақида хабар берди. Меморандум лойиҳасига кўра, Эрон бир ой ичида Ҳўрмуз бўғози орқали тижорат кемачилигини урушдан олдинги даражага тиклаш мажбуриятини олади. АҚШ, ўз навбатида, Эрон яқинидаги Қуролли кучларини чақириб олиши ва денгиз блокадасини бекор қилиши керак бўлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид