Жаҳон | 07:20 / 06.08.2024
3924
2 дақиқада ўқилади

Ироқдаги АҚШ базасига ҳужумда ҳарбийлар жароҳатланди

АҚШнинг Ироқдаги базасига ракета ҳужуми оқибатида камида беш нафар америкалик ҳарбий жароҳат олди.

Фото: Marko Drobnjakovic/AP

АҚШнинг Ироқдаги базасига ракета ҳужуми уюштирилиши оқибатида камида беш америкалик аскар яраланди. Бу ҳақда Reuters 6 август, сешанбага ўтар кечаси АҚШ расмийларига таяниб хабар берди. Уларнинг дастлабки маълумотларига кўра, Ироқ ғарбидаги Ал-Асад авиабазасига иккита «Катюша» ЯЎРТ ракетаси билан ҳужум қилинган.

Жабрланганлар сони дастлабки маълумотларга асосланади, улар ўзгариши мумкин, деди агентлик манбалари. «База ходимлари ҳужумдан кейин етказилган зарарни баҳоламоқда», - дея қўшимча қилди улардан бири. Вашингтон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларини ҳимоя қилиш ва ҳужумга жавоб чораларини муҳокама қилди.

АҚШ базасига ҳужум Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Байрутдаги қўмондони ва Теҳронда ҲАМАС ҳаракати етакчиси яқинда ўлдирилганидан сўнг Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашгани фонида содир бўлди. Бу иккала гуруҳ ҳам Эрон томонидан қўллаб-қувватланади. 

Ироқ АҚШ ва Эроннинг иттифоқчиси ҳисобланади

Ироқ бир вақтнинг ўзида АҚШ ва Эроннинг иттифоқчиси, дея аниқлик киритади Reuters. Мамлакатда 2,5 минг америкалик аскар жойлашган ва айни пайтда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ярим ҳарбийлаштирилган гуруҳлар мавжуд. 2023 йил октябр ойида Исроилнинг ҲАМАС ҳаракати билан уруши бошланганидан бери АҚШ ҳарбий хизматчиларига ҳужумлар кўпайди.

Иорданиядаги АҚШ базасига зарба

Январ ойи охирида АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига дрон ҳужум қилди. Зарба натижасида уч нафар ҳарбий ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди. Ҳужум «Сурия ва Ироқда фаолият юритаётган Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар томонидан амалга оширилган», деди АҚШ президенти Жо Байден.

Бунга жавобан Қўшма Штатлар Ироқ ва Суриядаги 85 та нишонга «жавоб зарбалари» берди.

Мавзуга оид