Жаҳон | 19:01 / 06.08.2024
12522
1 дақиқада ўқилади

Сичқон Германиянинг энг йирик аэропортини электрсиз қолдирди

Терминаллардан бири носозлик бартараф этилмагунча бир неча соат фавқулодда захира қувватига уланди.

Фото: Arne Dedert / dpa

Германиянинг Франкфуртдаги энг йирик аэропорти кемирувчи туфайли кеча тунда қисман электр қувватисиз қолди. Бу ҳақда Spiegel хабар берди.

Ҳодиса 5 август куни кечқурун содир бўлган. Электр узилиши туфайли аэропортнинг 1-терминалидаги ҳудудлар зарар кўрган. Ушбу сектордан асосан Lufthansa авиакомпанияси фойдаланади.

Электрдаги узилишга қўшимча равишда, терминал майдони қисман тутун билан қопланган. Аэропорт вакилининг сўзларига кўра, зудлик билан фавқулодда захира қувват ёқилган, шунинг учун йўловчиларга ҳеч қандай хавф бўлмаган. Эрталаб нормал қувват тикланган. Бироқ авария багажни саралаш тизимидаги носозлик туфайли Discover Airlines ва Lufthansa авиакомпанияларининг парвозлар жадвалини бироз бузган.

Аэропортда маълум қилинишича, ҳалокатга кемирувчи сичқон сабаб бўлган — чайналган кабел ёнида унинг ўлиги топилган.

Мавзуга оид