Жаҳон | 09:26 / 06.08.2024
3688
3 дақиқада ўқилади

Zeit: Volkswagen технологиялари Россияга яширинча қайтган бўлиши мумкин

Германиянинг Volkswagen концерни технологиялари Россия бозорига кирган Хитойнинг Jetta бренди автомобилларида қўлланиши мумкин, деб хабар бермоқда Zeit Online.

Фото: Fabian Bimmer / Reuters

Германиянинг Volkswagen автоконцерни технологиялари июл ойида Россия бозорига кирган Хитойнинг Jetta компанияси автомобилларида қўлланиши мумкин. Бу ҳақда 5 август, душанба куни Zeit Online хабар берди. Украинага кенг миқёсда ҳужумдан бир ҳафта ўтиб Россия Федерациясини тарк этган немис концерни ўз маҳсулотларини Россияга экспорт қилиш ҳақидаги гумонларни рад этди ва бунинг акси ҳақидаги хабарларни «ёлғон» деб эълон қилди. 

Zeit: Volkswagen’нинг Россиядаги изи аниқ 

Бироқ, Zeit таъкидлашича, Volkswagen’ни Россияга олиб борадиган йўлни «аниқ кузатиш мумкин». Jetta бренди Хитойнинг FAW Group автомобил компаниясига тегишли. У, ўз навбатида, Volkswagen расмий ҳамкори ҳисобланади - бу икки компания ҳатто FAW-Volkswagen қўшма корхонасига эга. 

Ҳозирда рус истеъмолчилари учун мавжуд бўлган Jetta моделлари дизайни бир вақтлар Россия Федерациясида машҳур бўлган Tiguan ва Polo каби Volkswagen моделларидан «бироз» фарқ қилади. Агар Jetta Россия бозорида ўз ўрнини топмоқчи бўлса, Volkswagen бундан катта эҳтимол билан фойда кўради, деб ҳисоблайди нашр. 

Немис технологиялари Россияга экспорт қилиняптими?

Шу билан бирга, Zeit немис концерни Давлат думаси параллел импортни қонунийлаштирганидан кейин Россияга ўз автомобилларини рухсатсиз олиб киришга бир неча бор дуч келганини таъкидлайди. Бу норасмий дилерларга Россия Федерациясига янги Volkswagen моделларини импорт қилиш имконини берди, гарчи ишлаб чиқарувчи буни тақиқлаган бўлса ҳам. Бунга жавобан Volkswagen бундай дилерларни «қора рўйхат»га киритди. 

Энди эса, Volkswagen Россия Федерациясига Jetta автомобилларини олиб киришга рухсат бермагани ҳақидаги версия «ишонарли кўринмайди», деб ҳисоблайди нашр. Гап кичик автомобил сотувчиси ҳақида эмас, балки Volkswagen’га Хитой бозорига киришни таъминлайдиган Хитойнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчилардан бири FAW ҳақида бормоқда. Zeit таҳририяти Volkswagen компаниясига сўров юборганидан бир кун ўтиб Россиянинг Jetta Motors сайти ишламай қолди. Кейинчалик сайт яна ишлай бошлади, бироқ асосий саҳифадан «немис технологияси» ва «немис ДНКсига эга кроссовер» сўзлари ёзилган шиорлар йўқолди.

Мавзуга оид