Америкалик спортчиларга Пекин Олимпиадаси олтин медали Парижда топширилди
Россиялик фигурали учувчи Камила Валиева допинг учун дисквалификация қилинганидан кейин мукофот америкалик спортчиларга берилди.

Фото: Getty Images
Парижда Пекин-2022 қишки олимпиадаси фигурали учиш бўйича жамоавий турнири олтин ва кумуш медалларини қайта топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда WSJ хабар берди.
7 август куни Эйфел минораси ёнидаги Чемпионлар боғида тўққиз нафар америкалик спортчига олтин, етти нафар япониялик спортчига кумуш медаллар берилди. Тақдирлаш маросими камтарона ўтказилди, унда шоҳсупа ёки давлат байроқлари йўқ эди, деб ёзди нашр.
Пекин олимпиадасининг фигурали учиш бўйича жамоавий турнирида аслида Россия миллий жамоаси ғолиб бўлган эди. Бироқ, миллий жамоа аъзоси Камила Валиева допинг синамасида триметазидин тақиқланган препарати борлиги аниқланди.
2024 йил январида допинг билан боғлиқ иш Спорт арбитраж судида кўриб чиқилди. Валиева 4 йилга дисквалификация қилинди. Унинг тўплаган очколари Россия миллий жамоаси ҳисобидан олиб ташланди. Оқибатда, Россия миллий жамоаси биринчи ўриндан учинчи ўринга тушиб кетди. АҚШ биринчи, Япония иккинчи ўринга кўтарилди.
Шундай бўлса-да, Париждаги тақдирлаш маросимига россиялик спортчилар таклиф этилмади. Халқаро олимпия қўмитаси бронза медаллар Москвага юбориладими ёки кейинроқ топшириладими, деган саволга жавоб бермади, деб ёзди WSJ.
Мавзуга оид

20:33 / 13.01.2025
Париж Олимпиадасининг кўплаб медаллари нуқсонли бўлиб чиқди

18:15 / 13.09.2024
Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлодисиз – Шавкат Мирзиёев

21:04 / 07.09.2024
Хитой қаторасига олтинчи марта Паралимпия ўйинларида ғалаба қозонди

14:53 / 06.09.2024