Жаҳон | 07:31 / 07.08.2024
2994
2 дақиқада ўқилади

Нигер Украина билан дипломатик муносабатларни узди

Мали ортидан Нигерни бошқараётган ҳарбий хунта Киев билан дипломатик муносабатларни тўхтатганини эълон қилди.

Нигер Фото: Wikimedia

Нигер Киевни «террорчи гуруҳларни» қўллаб-қувватлашда айблаб, Украина билан дипломатик муносабатларни «зудлик билан» узганини эълон қилди. Бу ҳақда 6 август, сешанба куни AFP хабар берди. Нигер ҳарбий хунтаси Украинанинг «тажовузкорлигини» муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилишни режалаштирмоқда, деди ҳукумат матбуот котиби полковник Амаду Абдраман.

Аввалроқ, 5 август куни Мали ҳукмрон хунтаси Украинани туарег исёнчилари ҳужумига алоқадорликда гумон қилиб, Киев билан дипломатик муносабатларни узган эди. Июл ойининг охирида улар Мали ҳукумати қўшинлари ва улар томонида жанг қилаётган «Вагнер»нинг рус ёлланма аскарларини мағлуб этишди. 

Август ойи бошида Сенегал ташқи ишлар вазирлиги Малидаги исёнчиларни қўллаб-қувватлагани учун Украина элчисини чақиртирди. Сенегал элчининг баёнотларини «терроризмни оқлаш» деб ҳисоблади. 

Мали армияси ва «вагнерчилар»га исёнчилар ҳужуми

Июл ойи охирида туарег исёнчилари мамлакат шимолида «Вагнер»нинг 84 нафар россиялик жангчиси ва Мали ҳукумати армиясининг 47 аскарини ўлдиргани ҳақида хабар берган эди.

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Юсов Украинанинг Малидаги туарег операциясига алоқадорлигига ишора қилди. «Исёнчилар россиялик ҳарбий жиноятчиларга қарши муваффақиятли ҳарбий операция ўтказиш имконини берган ўзларига керакли маълумотларни олдилар», деди у 29 июл куни бўлиб ўтган телемарафонда бошқа тафсилотларни келтирмаган ҳолда. 

Мавзуга оид