Жаҳон | 20:44
3721
3 дақиқада ўқилади

Украина «сулҳ»нинг биринчи кунида Россия бўйлаб юзлаб дрон учирди 

9 май арафасида Россия ва Украина бир-бирини ўққа тутишда давом этмоқда.

Фото: Reuters

Москва вақти билан 8 майга ўтар кечаси РФ мудофаа вазирлиги бир томонлама тартибда эълон қилган икки кунлик «сулҳ» кучга кирди. Россия ҳарбий идораси Украинадан ушбу оташкесимга қўшилишни талаб қилди ва акс ҳолда Киев бўйлаб зарбалар бериш билан таҳдид қилди. Украина қуролли кучлари эса бу талабни эътиборсиз қолдирди.

РФ мудофаа вазирлиги «махсус ҳарбий амалиёт ўтказилаётган ҳудуддан ташқарида» украинларнинг 390 дан ортиқ дрони ҳамда узоқ масофага ҳаракатланувчи «Нептун» ракеталари уриб туширилганини даъво қилмоқда.

Пермда «Лукойл-Пермнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи зарба остида қолган – сўнгги икки ҳафта ичида учинчи марта. Ярославлда дронлар «Славнефт‑ЯНОС» нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган. Ҳар икки корхонада ёнғин чиққан, жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Москва шаҳри мэри Сергей Собянин тунда шаҳарга учиб келаётган дронлар йўқ қилинаётгани ҳақида бир неча хабар ёзиб қолдирган. Унинг маълумотига кўра, жами 27 та дрон уриб туширилган.

Дронлар ҳужумидан нисбатан энг жиддий оқибатлар Ростовда қайд этилган. Дронлардан бири «Аэронавигации Юга России» филиалига урилган, бу эса Ростов авиаузели диспетчерлари фаолиятини ишдан чиқарган. Росавиация мамлакат жанубида парвозлар тақиқланиши ҳақида огоҳлантирди.

Минтақадаги 13 та аэропорт – жумладан, Сочи, Краснодар ва Волгоград аэропортлари – бир неча соат давомида ишламай турди. Ўнлаб рейслар кечиктирилди ёки бекор қилинди, минглаб йўловчилар аэропортларда қолиб кетди.

Москва вақти билан соат 15:00 дан кейин парвозларга тақиқ ечилди, ёпилган аэропортлар фаолияти босқичма-босқич тикланди.

Украина президенти Володимир Зеленский эса тун бўйи Россия армияси Украина позициялари бўйлаб зарбалар беришни давом эттирганини айтган. Унинг сўзларига кўра, фронт чизиғига яқин ҳудудларда 140 дан ортиқ отишма ва 10 марта штурм ҳаракатлари қайд этилган, шунингдек, Россия армияси томонидан 850 дан ортиқ дрон учирилган.

«Ўтган кун якунлари бўйича бўлгани каби, бугунги кун якунлари бўйича ҳам Украина айнан шундай ҳаракат қилади. Биз ўз позицияларимизни ва одамлар ҳаётини ҳимоя қиламиз. Россия ўз урушини якунлаши керак, тинчлик сари ҳаракат бошланса, бу ҳар бир кишига яққол сезилади», – деган Зеленский.

У 7 май кунги мурожаатида бошқа давлатлар раҳбарларини 9 май куни Москвадаги парадга келмасликка чақирганди.

«Россияга яқин бўлган баъзи давлатлардан уларнинг вакиллари Москвага келмоқчи экани ҳақида мурожаатлар оляпмиз. Ғалати истак... шундай кунларда. Буни тавсия қилмаймиз», – деганди Украина президенти.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид