Ўзбекистон | 15:51 / 12.08.2024
5630
3 дақиқада ўқилади

“Аҳоли билан келишилган” — пойтахт ҳокимлиги болалар майдончаси жойлашган ҳудуд сотувга қўйилганига изоҳ берди

Таъкидланишича, Олмазор туманидаги бу ҳудуд бош режаси аҳоли билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Унга кўра, болалар майдончаси хавфсизроқ жойга кўчирилиб, янгиланади.

11 август куни Kun.uz'да Тошкент шаҳар ҳокимияти ва “Ташкент Инвест” АЖ томонидан e-auksion.uz платформасига тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун мўлжалланган ер участкалари жойлаштирилгани, улар қаторида Олмазор туманидаги яшил ҳудуд ва болалар майдончаси жойлашган бўлган 2 та ер участкаси ҳам сотувга қўйилгани хабар қилинганди.

Ушбу вазият юзасидан шаҳар ҳокимияти расмий изоҳ берди. Қайд этилишича, болалар майдончаси жойлашган Янги Себзор маҳалласи "Обод маҳалла" дастурига киритилган бўлиб, шу асосда янгиланмоқда.

Маҳалланинг янги бош режаси бевосита аҳоли истаклари ва улар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Жумладан, болалар майдончаси жойлашувини ўзгартириш, яъни уни транспорт қатнови қисмидан ичкарироққа кўчириш ҳам аҳоли истаги эди. Шунингдек, лойиҳа ҳудуддаги дарахтлар кесилишини истисно қилади.

Расмдан кўриниб турибдики, майдончага эскирган қурилмалар ўрнатилган, уларнинг айримлари бузилган, шунингдек, у тўғридан-тўғри йўл ёқасида жойлашган бўлиб, бу аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради”, – дейилади расмий муносабатда.

Қўшимча қилинишича, шу сабабли "Обод маҳалла" дастури доирасида майдончани хавфсизроқ жойга кўчириш, қопламасини янгилаш ва янги арғимчоқлар ҳамда жиҳозлар билан тўлдириш режалаштирилган.

Ҳокимият матбуот хизмати Себзор маҳалласидаги кўп йиллик дарахтлар бор ер масаласида ҳам Kun.uz юборган сўровга жавоб берди. Унга кўра, соғлом кўп йиллик дарахтларнинг барчаси сақланиб қолинади, камига қўшимча экилади.

Агар имконсиз даражада ҳалал қилса, Экология бошқармасидан рухсат олинган ҳолда кўчирилиши мумкин.

Бу жой ҳали ижарага берилмади, шу сабабли у ерда нима бўлиши ҳали аниқ эмас”,– дейди матбуот хизмати.

Таъкидланишича, сотув амалга оширилаётган платформа (projects.toshkentinvest.uz сайти )— e-auksion тизими билан интеграцияланган шаффоф аукцион тамойилидаги майдонча ҳисобланади. Объектларни сотиш ёки ижарага беришдан олинган барча маблағлар маҳалла ва туман ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Бундай объектларни сотиб олиш тадбиркорга масъулият юклайди ва натижада аҳоли фаровонлигига хизмат қилади: янги иш ўринлари яратилади, инфратузилма яхшиланади, ижтимоий-иқтисодий самара беради”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, август бошида аукционга 110 дан ортиқ ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қўйилганди.

Муҳокамаларга сабаб бўлган Олмазор тумани Янги Себзор маҳалласида қурилган 2,5 сотихли болалар майдончаси 1 млрд 219 млн сўмга, Себзор маҳалласидаги 1 сотихли кўп йиллик дарахтларга эга жой эса 512 млн 246 минг сўмга баҳоланганди.

Кўп қаватли уйлар рўпарасида жойлашган бу икки ер участкаси 2 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуришга ихтисослашгани билдирилганди.

Мавзуга оид