Жаҳон | 20:45 / 12.08.2024
11692
3 дақиқада ўқилади

Круиз кемалар ўлчами 2000 йилдан бери икки баробарга ошди. Бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин

Соҳадаги ривожланиш шундай кетса, 2050 йилга бориб сузишга юбориладиган энг катта круиз лайнери «Титаник»дан саккиз баробар катта бўлади.

Фото: Reuters

Европадаги Transport and Environment (T&E) лобби гуруҳи томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, сўнгги 20 йилда круиз кемаларнинг ўлчами икки баробарга ошиб кетган бўлиб, келажакда бу потенциал муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилишига қарши бўлган T&E га кўра, бугунги кунда йўловчи ташувчи кемалар ўлчами 2000 йилга қараганда икки баробарга катта. Тадқиқотда жадал ривожланаётган круиз саноатининг атроф-муҳитга таъсиридан огоҳлантирилган.

Ҳисоботда келтирилишича, агарда ривожланиш шундай кетса, 2050 йилга бориб сузишга юбориладиган энг катта круиз лайнери «Титаник»дан саккиз баробар катта бўлади. «Замонавий круиз лайнерлар билан қиёслаганда «Титаник» балиқчиларнинг каттароқ кемасидек бўлиб қолади», — дейди T&E мутахассиси Инеса Уличина.

Круиз саноати гуруҳи ҳисоботда келтирилган маълумотларга қўшилмади

Халқаро круиз тармоқлари ташкилоти (CLIA) Круиз тармоқлари ассосциацияси «ҳисоботда келтирилган кўплаб маълумотларга» қўшилмади. «Хусусан, Европа Иттифоқи маълумотлар базасида эълон қилинган ҳисоботларга кўра, круиз компаниялар охирги беш йилда ҳар бир кема учун атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни 16 фоизга қисқартирган», — дейилади баёнотда.

T&E маълумотларига кўра, круиз кемалари сони 20 баробарга ошган: 1970 йилда уларнинг сони 21 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда 515 тага етади. 1999 йилда сувга туширилган Voyager of the Seas лайнерининг сув сиғими 137 минг тоннадан ошганди — ўша вақтда у энг йирик круиз лайнер ҳисобланган.

Ичида еттита бассейн ва 17 минг квадрат футли аквапарки бор Icon of the Seas круиз лайнери эса 2024 йил январида сувга туширилган бўлиб, унинг сув сиғими 248,6 минг тоннадан ортиқ.

Ҳисоботда қайд этилишича, Европадаги круиз лайнерлари томонидан 2022 йилда атмосферага чиқарилган CО2 гази миқдори 2019 йилга нисбатан 20 фоизга кўпроқ. Халқаро денгиз ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили ҳавога чиқариладиган парник газларининг 3 фоизи круиз лайнерлар ва бошқа денгиз кемалари ҳисобига тўғри келади.

Ҳозирда круиз кемалари ёнилғи божлари, шунингдек, кўплаб корпоратив ва истеъмол солиқларидан озод этилган бўлсада, ҳисоботда келтирилишича, «оддий круиз саёҳат учун» 50 евролик эҳтимолий солиқ 1,6 миллиард евро келтириши мумкин.

Халқаро круиз тармоқлари ташкилоти ўз аъзолари олдида 2050 йилга бориб карбонат ангидрид газларининг чиқарилишини нолга тушириш бўйича масъулиятни зиммасига олган. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, улар ушбу натижага «кемасозликка миллиардлаб инвестиция киритиш, янги турдаги барқарор ёнилғиларни яратиш орқали» эришиш ниятида.

Мавзуга оид