Жаҳон бўйлаб амалга оширилаётган савдо-сотиқда асосий сув транспорти бўлган кемаларнинг ҳиссаси жуда катта. Бугунга кунга келиб, юк ташувчи кемаларга фақат юк автомобиллари рақобат қилмоқда.

Жумладан, 2022-2023 йилларда дунё бўйлаб юкларнинг 41 фоизи юк автомобилларида, 32 фоизи кемаларда, 23 фоизи темирйўллар орқали, 4 фоизи ҳаво транспорти орқали ташилган. Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги 5-6 йилда ҳам бу кўрсаткичлар ўзгармайди ва турли юкларни сув орқали кемаларда ташиш ҳажми 32-35 фоиз атрофида сақланиб қолади.

Агар қуруқлик ва сув транспорти таққосланса, юк автомобиллари асосан нисбатан яқин ҳудудларга, кемалар эса узоқ ҳудудларга олиб бориладиган юкларни ташийди. Боз устига, сувда ташиладиган асосий юк – контейерлар ва суюлтирилган газни юк автомобилларидан кўра кемаларда ташиш жуда арзон тушади.

Бунинг устига, юк автомобиллари ўзлари кесиб ўтадиган ҳар бир давлатга транзит учун турли миқдорларда бож тўлашади. Кемаларда эса бундай эмас. Улар асосан халқаро сув ҳудудида ҳаракатланади ва ҳеч кимга ҳеч қандай бож тўламайди.

Дунёдаги контейнер ташувчи йирик кемалардан бири
Фото: sapo.pt

Шу сабабли ҳам темирйўллар ва автомобилсозик ривожлангандан кейин ҳам турли юкларни кемаларда ташиш долзарблигича қолмоқда.

2023 йилда дунё бўйлаб кемаларда 12,4 млрд тонна юк ташилган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 12,6 млрд тонна бўлиши кутилмоқда.

Дунё давлатлари орасида юк ташувчи кемаларни энг кўп Хитой, Жанубий Корея ва Япония компаниялари ишлаб чиқаради.

Қуйида дунёнинг энг кўп кема ишлаб чиқарувчи давлатлари ва энг йирик кемасозлик компаниялари ҳақида сўз юритамиз.

Хитой

Хитой дунёда турли кемалар ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. 2022 йилда дунёда ишлаб чиқарилган кемаларнинг 47 фоизи “Чин юрти”да тайёрланган.

Хитойдаги кема қурувчи заводлардан бири
Фото: maritimeeconomy.com

2022 йилда Хитойда 2014 йилга нисбатан кема ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 15 фоизга ошган. Бу давлатда кемаларнинг турли турлари, жумладан, лайнерлар, танкерлар, балкерлар, контейнер ташувчи кемалар, йирик пороходлар ишлаб чиқарилади.