«Курск областидаги амалиёт». Зеленский ва Путин бу ҳақда нималар демоқда?
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари Курск областида амалиёт ўтказаётгани ҳақида илк марта гапирди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони украин ҳарбийлари айни вақтда Россиянинг 1000 квадрат километрлик ҳудудини назорат қилаётганини айтди. Владимир Путин ҳузуридаги йиғилишда эса бошқа рақамлар келтирилган.
12 август куни Россия президенти Владимир Путин чегарадош областлардаги вазият муҳокама этилган йиғилиш ўтказди.
Учрашувда РФ хавфсизлик кенгаши аъзолари, ҳукумат вакиллари, кучишлатар идоралар раҳбарлари, шунингдек Украина билан чегарадош бўлган Белгород, Брянск ва Курск областлари губернаторлари қатнашди.
Йиғилиш аввалида Путин Курск областидаги вазият бўйича қисқача изоҳ бериб, буни яна бир бор украинлар провокацияси деб атади ҳамда россиялик ҳарбийлардан «рақибни мамлакат ҳудудларидан сиқиб чиқариш ва чегара хизмати билан биргаликда давлат чегарасининг ишончли муҳофазасини таъминлаш»ни талаб қилди.
Бу Россия президентининг ушбу мавзу бўйича илк баёноти эмасди. Ўтган ҳафтанинг чоршанба кунида у Россия ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни «кенг кўламли провокация» деб атаганди, пайшанба куни — ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан эвакуация қилинганлар учун бир марталик 10 минг рубл миқдоридаги тўловларни амалга оширишни ваъда қилди.
Шундан кейин Путин сўзни чегарадош областлар раҳбарларига берган. Курск области губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов ўз чиқишида региондаги вазиятни «мураккаб» деб атаган.
«Бугунги кунда 28 та аҳоли яшаш пункти рақиб назорати остида. Курск областига кириб келиш чуқурлиги 12 километрни, фронт кенглиги — 40 километрни ташкил этади», — деган Смирнов.
Бу иборадан кейин Владимир Путин унинг сўзини бўлган ва бундай маълумотлар Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилишини айтган, у регион раҳбарига бунинг ўрнига ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими тўғрисида сўзлашни таклиф этган.
Шунга қарамай, Смирнов рақиб қўлига ўтган 28 та аҳоли яшаш манзили ҳақида яна тўхталган ва расмийлар бу ҳудудларда қолган 2 минг кишининг тақдиридан бехабарлигини айтган. У ҳозирда Курск области аҳолиси эвакуацияси бўйича рақамларни келтирган: тўртта районнинг 10 километрлик ҳудудида, шунингдек Суджанский ва Кореневский районлари тўлиқ. Губернатор Курск областига босқин бошланганидан буён тинч аҳоли вакиллари орасида 12 киши ҳалок бўлгани, 121 киши яралангани, шундан 10 нафари болалар эканини қўшимча қилган.
Бугунги кунга қадар Россия ҳукумати ҳам, Украина ҳукумати ҳам Курск областида эгалланган аҳоли яшаш манзиллари тўғрисида расмий маълумотларн эълон қилмади. Россия мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучларининг шахсий таркиб ва техникалар бўйича йўқотишлари тўғрисида ҳисобот бериш билан чекланмоқда, РФ ҚК бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 7 август кунги йиғилишда «рақибнинг Курск йўналишида олдинга юриши тўхтатилгани» ҳақида маълум қилганди.
Ўз навбатида, Киев ҳозирга қадар Курск областидаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича расмий изоҳ бермаётганди.
Аммо 12 август куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский бош штаб йиғилиши ўтказилгани ҳақида маълум қилди. «Энг асосий гаплар — бош қўмондон Олександр Сирскийнинг фронтдаги мудофаа ҳаракатларимиз ва Курск областидаги амалиётимиз борасидаги ҳисоботи бўлди», — дея ёзган Зеленский.
Йиғилишда видеоалоқа орқали қатнашган Сирский украин ҳарбийлари «Курск области ҳудудида юриш ҳаракатларини давом эттираётгани»ни айтган. Унинг сўзларига кўра, айни дамда Россия регионларининг 1000 квадрат километрга яқин ҳудуди Украина қуролли кучлари назорати остида.
Кейинроқ Володимир Зеленский ҳар куни кечқурун йўллайдиган видеомурожаатида Украина қуролли кучлари Курск областида эгаллаган ҳудудлар — Россия Украинанинг Суми областига зарбалар йўллаб келган ҳудудлар эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу амалиёт Украинанинг чегара ҳудудлари хавфсизлигини таъминлайди ва унинг асосий мақсади — «чегара ҳудудини россиялик ҳарбийлардан тозалаш» ҳисобланади. Зеленский шунингдек «алмашув фондини тўлдираётган» украин ҳарбийларига миннатдорчилик билдирган.
У Россия президенти Владимир Путин ҳукмронлигининг «бошланиши ва якунланиши»ни 24 йил олдин юз берган «Курск» атом сувости кемаси ҳалокати ва ҳозир юз бераётган Курск областидаги ҳарбий ҳаракатлар билан боғлади.
«Биз ҳақиқатан ҳам Россия Путин даврида қандай ҳаракат қилаётганини кўряпмиз: 24 йил олдин «Курск» фалокати юз берди — бу унинг ҳукмронлигининг рамзий бошланиши эди. Энди унинг учун финал нима экани аниқ. Бу ҳам Курск. У бошлаган урушнинг фалокати. Бу ҳолат одамларни ва ҳар қандай қоидаларни менсимайдиганлар билан доим содир бўлади. Россия бошқаларга уруш олиб келди, энди уруш унинг уйига қайтади. Украина ҳар доим фақат тинчликни хоҳлайди ва биз тинчликни албатта таъминлаймиз», деди Зеленский.
Бундан ташқари, Зеленский мудофаа вазирлиги ва дипломатларга ҳамкорлардан Украина ҳудудини ҳимоя қилишда узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллардан фойдаланишга рухсат олиш учун зарур ҳаракатлар рўйхатини тақдим этиш бўйича топшириқ берганини айтган.
Душанба куни Украина мудофаа вазири Рустем Умеров француз ҳамкасби билан суҳбатда Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба беришга қўйилган тақиқни бекор қилишга чақиргани ҳақида айтганди.
«Франция қуролли кучлари вазири Себастиен Лекорню билан самарали суҳбат қурдик, — дея ёзган Умеров X ижтимоий тармоғида. — Мен душман ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарбалар беришга тақиқни бекор қилиш зарурлигини таъкидладим».
Украина қуролли кучларининг Курск областидаги мақсадлари қандай бўлиши мумкин?
Ғарб нашрлари Украина қуролли кучларининг Курск областига ҳужумидан эҳтимолий мақсад ва вазифаларини таҳлил қилмоқда.
Хусусан, Wall Street Journal газетаси ёзишича, Украина Курск областига кутилмаганда ҳужум қилиши ва тезда ҳудудларни эгаллаб олиши Россия президенти Владимир Путинни ноқулай ҳолатга тушириб, сўнгги бир йилни қонли мудофаа жангларида ўтказган украинларнинг руҳиятини кўтарган.
Аммо бу амалиётнинг давом эттирилиши — Россия қатъият билан олдинга интилаётган шарқий фронтда жонли куч ва ҳарбий техникалар етишмаётгани ҳисобга олинса, хавфли таваккалчилик бўлади.
Россия фронтнинг бошқа участкаларидаги қўшинларини [Курск фронтига] кўчириб олиб ўтмоқда, гарчи бу Украина қўмондонлиги истаган суръатларда бўлмаса ҳам, дея ёзган Economist журнали.
«Уларнинг (Россия қўшинлари) қўмондонлари аҳмоқ эмас. Улар ҳаракатланувчи кучлар, лекин биз хоҳлаганчалик тез эмас. Улар билишадики, биз логистика йўлини 80 ёки 100 километрга кенгайтира олмаймиз», — деган Украина Қуролли кучлари Бош штаби вакили нашрга.
«Минимум мақсад — бу, афтидан, Россия қўшинлари бу урушдаги асосий участкалар бўлиб турган Харкив ва Донбассдан олиб чиқилишига эришишдир. Ҳозирча, кўраётганларимизга қарасак, натижалар яққол эмас. Россия Харкив фронтидан қўшинларни олиб кетмоқда, аммо Донбасс фронтидан кўчирилган қўшинлар сони анча кам», — дея ёзган нашр.
BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев Украинанинг эҳтимолий мақсадлари қаторида Киевнинг эҳтимолий музокаралардаги позициясини яхшилаш режасини ҳам келтирган. Унинг сўзарига кўра, Россия-Украина уруши реаллиги шуни кўрсатадики, агар душман мустаҳкам ўрнашиб олган бўлса, ундан эгаллаб олган ҳудудини қайтариб олиш жуда қийин бўлади.
Мавзуга оид
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
13:12 / 23.11.2024