Жаҳон | 08:10 / 15.08.2024
4228
3 дақиқада ўқилади

Россияда Курск вилоятининг яна бир тумани аҳолиси эвакуация қилинмоқда

Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Украина билан чегарадаги Глушково туман маркази эвакуация қилинишини билдирди. Икки соатдан кейин қарор бутун туман учун татбиқ этилди. 

Фото: РИА Новости

Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 14 август, чоршанба куни Украина билан чегарадош Глушково тумани аҳолиси мажбурий эвакуация қилиниши ҳақида билдирди. Аввалига расмий Глушково поселкаси аҳолиси эвакуация қилинишини айтди, бироқ икки соатдан сўнг қарор бутун ҳудудни қамраб олди

Кетиш жараёни ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбий хизматчилар, маҳаллий маъмурият ва Курск “Патриот” маркази аъзолари томонидан мувофиқлаштирилади, деди Смирнов. “Ҳурматли ватандошлар, мавжуд вазиятга тушуниш билан муносабатда бўлишингизни ҳамда хавфсизлик кучлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг барча тавсияларига амал қилишингизни сўрайман”, — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида. 

Украина билан чегарадаги туманларни эвакуация қилиш

Курск ва Белгород вилоятларининг чегара ҳудудлари аҳолиси Украина Қуролли кучларининг ҳужуми фонида уйларини тарк этмоқда. Аввалроқ Курск вилоятининг Болшесолдатский, Коренев ва Суджа туманларида эвакуация эълон қилинган эди. Бундан ташқари, губернатор Вячеслав Гладковнинг хабарига кўра, қўшни Белгород вилояти Краснояружский тумани аҳолиси уни деярли бутунлай ташлаб кетишган. 

12 август куни Курск губернатори вазифасини бажарувчи минтақада 120 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинганини айтди. 

Украина Қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми 
 
Украина Қуролли кучлари 6 август куни Россиянинг Курск областига ҳужум бошлади. Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 12 август куни Украина армияси қарийб 1000 квадрат километр Россия ҳудудини назорат қилаётганини айтди. Жанглар Коренев ва Суджа районлари ҳамда Беловский районида давом этмоқда. 

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский 14 август куни Украина қуролли кучлари Суджада рус қўшинларини мағлуб этганини маълум қилди. Унга кўра, 24 соат ичида Украина кучлари Курск вилоятида 100 дан ортиқ россиялик ҳарбийларни асирга олган. Шу билан бирга, “Ахмат” махсус кучлари қўмондони Апти Алаудиновнинг таъкидлашича, Украина қўшинлари Суджа шаҳри устидан назорат ўрнатмаган, чунки у ерда “фаол тўқнашувлар” давом этмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид