Жаҳон | 14:40 / 17.08.2024
3598
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби минтақавий сафари доирасида Исроилга ташриф буюради

Блинкен 18 август куни Исроилга келади ва 19 август, душанба куни бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашади.

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен минтақага сафари доирасида 18 август куни Исроилга ташриф буюради.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, АҚШ давлат котиби Исроилга ташриф буюриши кутиляпти.

Ушбу маълумотга кўра, Блинкен 18 август куни Исроилга келади ва 19 август, душанба куни бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашади.

Ташриф чоғида АҚШ давлат котиби асирлар алмашинуви ҳамда Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни, шунингдек, Эрон билан зиддиятларни муҳокама қилади.

Блинкен Нетаняҳуга ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши учун «эҳтимол босим ўтказиши» мумкин. У Исроилдан ташқари Қатар ва Мисрга ҳам ташриф буюради.

Пайшанба ва жума кунлари Қатар пойтахти Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳамда Исроил ва Ҳамас ўртасида асирлар алмашинуви бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал Тани, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Билл Бернс, Миср разведка бошқармаси бошлиғи Аббос Комил ва Моссад директори Давид Барнеа Доҳа музокараларида иштирок этган ва уни «ижобий» деб баҳолаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид