Жаҳон | 13:52 / 17.08.2024
2537
2 дақиқада ўқилади

Ҳаррис АҚШда ўрта синф учун солиқларни камайтиришга ваъда берди

Камала Ҳаррис, агар АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонса, ўрта синфнинг «иқтисодий хавфсизлиги»га эътибор қаратишга ваъда берди.

Фото: Peter Zay/Anadolu/picture alliance

АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис америкаликларга бўлажак сайловларда ғалаба қозонса, яшаш нархини камайтиришга ваъда берди. Америка Қўшма Штатлари иқтисодиёти «дунёдаги энг кучли», аммо кўплаб фуқаролар «ҳали ўзларининг кундалик ҳаётларида бундай тараққиётни бошдан кечирмаяптилар», деди Ҳаррис жума куни Шимолий Каролинадаги тарафдорлари олдида қилган чиқишида. Ҳаррис мамлакатнинг юқори лавозимида иқтисодий сиёсатда ўрта синф ва унинг «иқтисодий хавфсизлиги, барқарорлиги ва қадр-қиммати»га эътибор қаратмоқчи.

АҚШнинг амалдаги вице-президенти сўзларига кўра, у бошқа нарсалар қатори «америкалик оилалар учун харажатларни» камайтириш ниятида. Гап, хусусан, бола ҳаётининг биринчи йилида ўртача ёки паст даромадли ёш оилалар учун 6000 АҚШ доллари солиқ кредитини жорий этиш ҳақида кетяпти.

Сиёсатчи АҚШ Конгрессини озиқ-овқат ва уй-жой ижараси нархини сунъий равишда оширишга қарши қонун қабул қилишга чақирди. Қўшма Штатлар вице-президенти, шунингдек, Оқ уй раҳбари этиб сайланса, 4 йиллик муддати давомида уч миллион янги квартира қуриш ташаббуси билан чиқиш ниятида эканини билдирди.

Ҳаррис: Трамп миллионерлар учун курашмоқда

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп «миллионерлар ва йирик корпорациялар учун курашмоқда», деди Ҳаррис. «Мен ишлайдиган америкаликлар ва ўрта синф америкаликларга пулни қайтариш учун курашаман», дея қўшимча қилди у.

Доналд Трамп, ўз навбатида, аввалроқ АҚШ вице-президентини инфляцияга қарши кураша олмасликда айблаган эди. Трамп Ҳарриснинг Шимолий Каролинадаги чиқишига ҳам танқидий муносабат билдирди. «Агар сиз ҳозир ҳамма нарса қиммат деб ўйласангиз, Камала тўрт йилга президент бўлса, ҳаммаси 100 баробар ёмонлашади», деди собиқ давлат раҳбари ўзининг Truth Social платформасида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид