Жаҳон | 11:21 / 17.08.2024
14683
10 дақиқада ўқилади

Иркутскда қулаган самолёт: “афсонавий” Ту-22М ҳақида нималар маълум?

Россия советлардан мерос қолган авиасаноати ютуқлари билан мақтана олмайди. Чунки улар собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган кўплаб ҳарбий самолётларни янгилай олмади, фақат айримлари модернизация қилинди холос. Янгиланган самолётлар орасида Россия президентини олиб юрадиган Ил-96 билан Ту-22М бомбардимончи самолёти ҳам бор.

2024 йил 15 август куни Россиянинг Иркутск вилоятида Ту-22М стратегик бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради.

Маълум қилинишича, самолёт Иркутск вилоятидаги Белая авиабазаси аэродромидан ҳавога кўтарилган ва кўп ўтмай ерга қулаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт қулашдан аввал ҳавода ёна бошлаган. Россия Мудофаа вазирлиги самолёт техник носозлик туфайли қулаб тушганини таъкидлади.

Аввалроқ, 2024 йил апрел ойида Украина ҳарбийлари Ставропол ўлкасида Россияга тегишли Ту-22М3 самолётини уриб туширганди. Бу самолётдан Россия армияси қанотли ракеталар ташишда ва Украина шаҳарларига масофадан зарба беришда фойдаланаётган эди.

Ўшанда Россия томони Ту-22М3 украиналиклар томонидан уриб туширилганини тан олмади ва самолёт ҳалокатга учраганини маълум қилди. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов эса украиналиклар самолётни уриб тыушириш учун узоқ кутганини ва тайёрланганини, охири буни уддалаганини айтиб чиқди.

Иркутскда қулаб тушган Ту-22М қолдиқлари

Орадан бир муддат ўтиб, июл ойи бошларида Россия Федерал хавфсизлик хизмати Ту-22М3 самолётини олиб қочишга уринишнинг олдини олгани ҳақида хабар тарқатди. Унга кўра, самолётни олиб қочишни Украина ташкиллаштиришга уринган ва россиялик ҳарбий учувчига 2 млн доллар ваъда қилган.

“Совуқ уруш” даврининг энг махфий самолёти ҳисобланган Ту-22М3 қандай самолёт ва у нималарга қодир?

Ту-22М3 тарихи

Ту-22М3 самолёти тарихи 1950-йиллар охирида тайёрланган Ту-22га бориб тақалади. Бу самолёт лойиҳасини Туполев бошчилигидаги конструкторлик бюроси тайёрлаган.

Илк самолётнинг синов парвози 1958 йилда ўтказилган. Ту-22ни серияли ишлаб чиқариш 1959 йилда Қозондаги авиация бирлашмасида бошланган.

Дастлабки ишлаб чиқарилган самолётга Ту-22А 01 тартиб рақами берилган. Кейингилари шу тахлитда рақамланган.

Ҳарбийларга дастлабки самолётлар 1962 йилда етказиб берилган. Кейинчалик ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли барча ҳарбий қисмлар Ту-22 самолётларига эга бўлган.

1960-йилларда ишлаб чиқарилган Ту-22

Ту-22 асосан иккита имконияти билан бошқа ҳарбий самолётлардан ажралиб турарди. Жумладан, товушдан тез учиши ва қанотли ракеталарни ортиб юра олиши билан.

1970-йилларда Ту-22 самолётларидан бир қанчаси Ироқ ва Ливия давлатларига ҳам сотилади.

Дастлабки Ту-22ларнинг характеристикаси қуйидагича бўлган:

  • Узунлиги – 42,6 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 23,6 метр;
  • Баландлиги – 10 метр;
  • Ёқилғи сиғими – 58,5 минг литр;
  • Максимал учиш оғирлиги – 91 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 1 600 км;
  • Максимал учиш масофаси – 7 150 километргача;
  • Экипаж сони – 3 киши (Командир, штурман, бортоператор)

Ту-22 самолётининг турли модификациялари:

Ту-22А – самолётнинг дастлабки намунаси шундай рақамланган. Бу самолётдан жами 20 дона ишлаб чиқарилган.

Ту-22Б – Бу турдаги самолётлар асосан экспорт учун ишлаб чиқарилган. Улардан бир нечаси 1970-йилларда Ливия ва Ироққа сотилган.

Ту-22К – бу самолётлар ракета ташувчи сифатида ишлаб чиқарилган. Уларга ҳатто ядровий ракеталар ҳам жойланган.

Ту-22К

Ту-22У/УД – машғулот самолёти ҳисобланади. Улардан авиация билим юртларида ҳарбий учувчилар тайёрлашда фойдаланишган.

Ту-22Р, Ту-22К ва Ту-22Р/РД – булар разведкачи самолётлар ҳисобланади.

Ту-22М – бу самолёт кейинроқ ишлаб чиқарила бошланган. Ҳозирда Россия фойдаланаётган Ту-22ларнинг барчаси шу турдаги самолёт ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, 1958 йилдан 1992 йилгача 70 дан ортиқ турли русумдаги Ту-22 самолётлари ҳалокатга учраган ёки урушларда йўқ қилинган. Жумладан:

  • 1978-1979 йилларда бўлиб ўтган Уганда-Танзания урушида;
  • 1981-1987 йилларда бўлиб ўтган Чад-Ливия ҳарбий можаросида;
  • 1961-1975 йилларда Ироқнинг ўз ҳудудидаги курдаларга қарши ҳарбий амалиётларида;
  • 1980-1988 йилларда бўлиб ўтган Эрон-Ироқ урушида;
  • 1979-1989 йилларда бўлиб ўтган Афғон урушида Ту-22 самолётлари қатнашган ва бир қанчаси йўқ қилинган.

Ту-22М самолётлари

1960-йилларнинг иккинчи ярмида совет ҳукумати дастлабки ишлаб чиқарилган Ту-22 самолётлари имкониятларини паст баҳолайди ва самолётни янгилаш бўйича топшириқ беради. Бу вазифа ҳам Туполевга топширилади.

1968 йилда янги русумдаги самолётнинг дастлабки нусхаси тайёр бўлади ва 1969 йилда синов парвози ўтказилади. Ўша пайтда янги русумдаги самолётнинг бир донасини тайёрлаш учун 60 млн рубл сарфланади. Бу 1959 йилда ишлаб чиқарилган Ту-22га сарфланган пулдан 10 баробар кўп эди.

Ту-22Мнинг техник имкониятлари ўзидан аввалги русумга қараганда мукаммалроқ эди. Жумладан, унга кучлироқ турбо двигателлар ўрнатилади. Қуроллари такомиллаштирилади. Шу тариқа, 1972 йилдан бошлаб совет армияси Ту-22М самолётларидан фойдалана бошлайди.

Умумий ҳисобда 1970 йилдан 1993 йилгача қарийб 500 дона Ту-22М самолётлари ишлаб чиқарилган.

Ту-22М самолётларининг характеристикаси:

  • Узунлиги – 42,6 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 34 метр;
  • Баландлиги – 11 метр;
  • Оғирлиги – 68 тонна
  • Максимал учиш оғирлиги – 126 тонна
  • Ёқилғи сиғими – 58,5 минг литр;
  • Максимал тезлиги – соатига 2 300 км;
  • Максимал учиш масофаси – 6 800 километргача;
  • Экипаж сони – 4 киши (командир, командир ёрдамчиси, штурман-навигатор, штурман-оператор)
Ту-22М

Ту-22М самолётлари қатнашган урушлар ва ҳарбий можаролар

Ту-22М самолётларига бириктириладиган қанотли ракеталар билан узоқ масофаларга зарба берса бўлади. Улардан шу пайтгача бир нечта урушларда ва ҳарбий можароларда фойдаланилган.

Жумладан, 1979-1989 йилларда бўлиб ўтган Афғон урушида бу турдаги самолётлардан Афғон армияси манзилларига зарба берилган. 1984 йилда Ту-22М самолётлари Афғонистонга оғирлиги 3 тонна бўлган авиабомбалар ташлаган.

Афғон урушидан кейин Россия Ту-22М самолётларини илк марта 1993 йилда Тожикистон-Афғонистон чегарасида тўпланган афғон жангариларига зарба беришда қўллайди.

1994 йилдан бошлаб Ту-22М самолётлари Чеченистондаги жангларда қатнаша бошлайди ва бу жараён 2000-йиллар бошларигача давом этади. Аргун, Шали, Гудермес шаҳарларига авиазарбалар берилади.

Россия Ту-22Мдан 2008 йил август ойида бўлиб ўтган Гуржистонга ҳужумда фойдаланади. Гуржистондаги шаҳарлар, аэродромлар ва ҳарбий объектларга зарба берилганди.

Ўшанда Гуржистон ҳаво ҳужумига қарши тизими Ту-22М самолётларидан бирини уриб туширади. Шундан сўнг Россия томони улардан фойдаланишни дарҳол тўхтатади.

2015 йилдан бошлаб Россия Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда Ту-22М самолётларидан фойдалана бошлайди. 2017 йилда Россия ҳудудида бўлиб турган Ту-22М самолётидан фойдаланиб, Дайр-аз-Зур провинциясидаги ИШИД объектига зарба берилади.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украина ҳудудига бостириб киргач, руслар Ту-22М самолётидан яна кенг миқёсда фойдалана бошлайди. Жумладан, Мариупол шаҳрига, ундаги Азовстал заводига, Кременчукдаги савдо марказига Х-22 қанотли ракеталари билан зарба берилади.

Маълум бўлишича, Иркутскда қулаб тушган Ту-22М3 Россия қўшини Украинага бостириб кирган даврдан буён йўқотилган шу турдаги тўртинчи самолёт ҳисобланади.

“Агентство”га кўра, жорий йил апрел ойида Ставропол ўлкасида украиналиклар Ту-22М3 самолётини уриб туширганди.

2022 йил 7 октябр куни Рязан вилоятидаги Дягилово аэродромида турган Ту-22М Украина ҳарбийлари ҳужуми вақтида жиддий шикастланади.

2023 йил 19 август куни Украина учувчисиз қурилмаларининг ҳужуми натижасида Новгород вилоятидаги Солци авиация базасида турган Ту-22М ёниб кетганди.

Ту-22М3 янгиланадими?

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россия авиасаноати инқирозга учради. Бу даврда советлар даврида ишлаб чиқарилган ва фуқаро авиациясида фойдаланилган биронта самолёт янгиланмади. Бунинг устига, Россия ўтган 34 йил мобайнида Супержет-100ни айтмаганда бирорта янги самолёт тайёрлай олмади.

Бу тенденция ҳарбий авиацияда ҳам давом эди. Россия ҳарбий авиация корхоналари бир нечта самолётнинг янгиланган русумини ишлаб чиқарганини айтмаганда, бошқа кўплаб самолётлар янгиланмади ва бирин-кетин йўқликка юз тутди.

Ту-22М самолётларини ҳам афтидан шундай тақдир кутмоқда. Чунки бугун Россия фойдаланаётган Ту-22М самолётларининг энг сўнггиси 1990-йиллар бошларида ишлаб чиқарилган.

Бу самолёт ҳам бошқалари қатори янгиланмади ва вақт ўтган сайин эскириб, муддатини ўтаб бормоқда. Тўғри, россияликлар Ту-22Мни янгилашга уриниб кўришган.

2010-йилларда 2020 йилгача Ту-22М базасида янги Ту-22М3М самолётини ишлаб чиқариш топшириғи қўйилган эди. 2018 йилда Қозондаги авиазаводда янгиланган Ту-22М3 самолёт тақдимоти ва биринчи синов парвози ўтказилган.

Бироқ ўша самолёт бўйича олиб борилаётган ишлар ҳанузгача тугалланмади. Моддий-техник базанинг яхши эмаслиги бу ишга халал берган.

Россияда замонавий самолётлар ишлаб чиқариш учун барча эҳтиёт қисмларнинг йўқлиги ва Ғарб компаниялари уларни Россияга бермаслиги янги самолётлар яратишга асосий тўсиқ бўлди.

Жумладан, Ту-22М3К, Ту-22ДП/ДП-1, Ту-22М3Э, 45М ва Ту-344 каби самолётларни яратиш лойиҳалари амалга ошмасдан қолган. Кейинроқ Россия ҳарбий авиация корхоналари Ту-22М4М самолётини яратиш устида ишлайди. Бироқ бу иш ҳам амалга ошмади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид