Жаҳон | 08:40 / 17.08.2024
4684
3 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ Италия элчисини Rai1’нинг Суджадан репортажи туфайли чақиртирди

Италиянинг Москвадаги элчиси Чечилия Пиччонига Rai1 телеканали суратга олиш гуруҳининг «Россия Федерацияси ҳудудига ноқонуний кириши» муносабати билан «қаттиқ норозилик» билдирди. 

Фото: AP

Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Rai1 Италия давлат телерадиокомпаниясининг суратга олиш гуруҳи томонидан Россия Федерацияси ҳудудига ноқонуний кирилиши муносабати билан Италиянинг Россиядаги элчиси Чечилия Пиччонига «қаттиқ норозилик» билдирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг 16 август, жума куни идора сайтида чоп этилган пресс-релизида айтилади.

Россия вазирлиги норозилигига Rai1’нинг Курск вилояти Суджа шаҳридан репортажи сабаб бўлди, у аввалроқ Украина ҳарбий раҳбарияти баёнотига кўра, бутунлай Украина Қуролли кучлари (УҚК) назорати остида. «Италия фуқаролари томонидан содир этилган ҳаракатлар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг доирасига киради», деб ёзади Россия ТИВ.

Бир кун аввал Италия телеканалининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Сужадан олинган кадрлар эълон қилинган эди. Видеода Rai1 мухбири Стефания Баттистини украиналик ҳарбийлар билан бирга автомобилда Украина ҳудудидан Россия чегарасини кесиб ўтиб, вайрон қилинган рус истеҳкомлари ёнидан юрган. «Белгород чапда. Кейинги сафар биз сизни у ерга олиб борамиз», деди Украина Қуролли кучлари жангчиси. Бундан ташқари, Баттистини Суджада қолган маҳаллий аҳолига мурожаат қилган, улар руслар уларни ташлаб кетишгани, Украина ҳарбийлари эса уларга яхши муносабатда бўлишаётганини айтган. 

CNN: «Россия чегараси ҳимоясиз бўлиб кўриняпти»

16 август куни Американинг CNN телеканали ҳам Суджада қўлга олинган чегара пункти ҳақида хабар тарқатди, бироқ унинг мухбири Ник Уолш Россия ҳудудига кирмади. У вайрон бўлган чегара пунктини, шунингдек, у орқали эркин ўтаётган транспорт воситалари ва ҳарбий техникани кўрсатди. «Россия чегараси бутунлай ҳимоясиз кўриняпти», деди Уолш ва бир неча украиналик ҳарбийлар билан суҳбатлашди. Курск вилоятидаги жангларнинг якуний натижаси ҳеч кимга маълум эмас, деди у.

Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми 

Украина Қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. Бу Россиянинг Украинага қарши уруши 2022 йил февралида бошланганидан бери бундай турдаги биринчи ҳужумдир. 

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийнинг кеча олий бош қўмондонлик қароргоҳида эълон қилган маълумотларига кўра, 15 август ҳолатига Украина ҳарбийлари 1150 квадрат километр ҳудуддаги 82 та аҳоли пунктини назоратга олган. Россия ҳудудига 35 км чуқурликда кириб борилган. Сирский, шунингдек, Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари ҳужум операцияларини давом эттираётгани ҳақида хабар берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид