Ишғол давомида Суджа аҳолиси ўз яқинлари билан алоқадан маҳрум бўлди, кўпчилик бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилди. Россия қўшинлари мудофааси ва Украина армияси ҳужуми давомида кўп одамлар ҳалок бўлди, айримлари эса тиббий ёрдам йўқлиги туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Мустақил журналистлар кооперативи «Берег» Суджадаги ишғол даврини бошидан кечирган маҳаллий аҳоли вакиллари — Алексей ва унинг қизи Елена билан суҳбатлашди. Улар Украина қўшинлари шаҳарни тарк этгандан кейин Курскка эвакуация қилинган.

«Илк украин штурмчилари орасида бизни „Путин режими“дан ҳимоя қилишини айтган йигит ҳам бор эди»

Елена, 49 ёшда: Мен бу ерда дўконда сотувчи бўлиб ишлардим. Олтинчи август куни Гончаровка ҳудудига ўқ узилгани ҳақида эшитдик, аммо барибир ишга чиқиб, вазиятни билишга ҳаракат қилдим. Йўлда кетарканман, қалтираб тургандим. Дўконга етиб борганимда раҳбарият: «Елена, ҳамма ўз транспортида Курск област марказига — чегарадан узоқроққа кетиб қолган. Ҳамма нарса ёпиқ, уйингга бор», деди. Ортга қайтар эканман, ракеталар уйлар устида учиб ўтаётганини кўрдим — бу жуда қўрқинчли эди.

Алексей, 77 ёшда: Дастлабки куни кетишни хоҳламадик, чунки биз ҳимояга умид қилдик. Телевизорда бу фақат бир неча кунлик ҳолат эканини айтишарди. Бориш-келиш ташвишларини ўйлаб, қолишга қарор қилдик — буни бошқа шаҳарда яшайдиган ўғлимга ҳам айтдим. Эртасига эса отишмалар бошланди ва украин аскарлари пайдо бўлди. Мен соат еттида товуқларни озиқлантириш учун кўчада эдим. Бизда ўз хўжалигимиз бор. Шунда кўп қаватли уйимизнинг айвон қисмида аскарлар турганини кўрдим. Улар мендан Россия аскарларини кўрган-кўрмаганимни сўрашди. Мен йўқ деб жавоб бердим. Кейин уйга, квартирага кириб текширишди, сўнгра бошқа уйларни ҳам кўздан кечиришди. Илк пайтда эътибор бермагандим, лекин кейин уларнинг елкаларида мовий доиралар туширилган боғламаларни кўриб, украин аскарлари шаҳарда эканини тушуниб етдим.

Елена: Илк штурмчилар орасида квартирага кирганларидан бири бизга «Путин режими»дан ҳимоя қилишини айтди. У: «Ҳаммаси яхши бўлади, хавотир олманг. Биз тинч аҳолига қарши урушмаяпмиз, аёлларни зўрламаймиз, болаларни ўлдирмаймиз, сизларнинг аскарларингиздек эмасмиз», деб гапира туриб, йиғлади. Бу даҳшатли ҳолат эди.

Алексей: Шаҳарни эгаллашганидан кейин ўғлим билан боғлана олмадим. Ҳеч қандай алоқа йўқ эди. Олтинчи августдан бошлаб, свет, газ ва сувсиз қолдик. Мустақил равишда кетишнинг ҳам иложи йўқ эди: мен ва хотиним иккинчи гуруҳ ногиронларимиз, қизимиз ҳам биз билан. Қандай қилиб кетамиз? Бизда шахсий транспорт йўқ, ёрдам кутишнинг ҳам мавриди эмасди. Кўп қаватли уйимизда 42 та квартира бор эди, биз каби қолганлар ичида фақат икки оила бор эди. Улар билан бу ҳақда гаплашиш ҳам фойдасиз эди: ҳеч ким пиёда кетишга кўнмасди, чунки йўллар доимий равишда ўққа тутиларди.