Жаҳон | 19:36 / 18.08.2024
4901
2 дақиқада ўқилади

Британия ТИВ ходими Исроилга қурол сотилаётгани боис истеъфога чиқди

Марк Смитнинг айтишича, «Буюк Британия томонидан Исроилга қурол-яроғ етказиб беришнинг давом эттирилишини умуман оқлаб бўлмайди».

Фото: Reuters

Британия Ташқи ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш билан шуғулланган ходими Исроилга қурол-яроқ сотилишига норозилигини билдириб, истеъфога чиқди. У Буюк Британия ҳукумати «ҳарбий жиноятларга алоқадор бўлиб қолиши мумкинлиги»ни маълум қилди, деб хабар беради BBC

Қайд этилишича, 16 август куни Марк Смит Ташқи ишлар вазирлигининг «барча даражаларидаги» ҳамкабларига, шу жумладан, расмий ҳисобот механизми орқали ҳам хавотирларини билдирган. Британиянинг Дублиндаги элчихонасида ишлаган Смит умумий тасдиқловдан бошқа ҳеч нарса олмаганини маълум қилди.

Смитнинг айтишича, у олдин Яқин Шарққа қурол экспорт қилишни лицензиялаш бўйича ҳукумат хизматида бўлган ва «ҳар куни» ҳамкасблари билан Ғазо секторида Исроил томонидан ҳарбий жиноятлар ҳамда халқаро инсонпарварлик қонунлари бузилишининг «инкор этиб бўлмайдиган мисолларига» гувоҳ бўлган.

Электрон хатга кўра, Смитнинг лавозими «терроризмга қарши кураш бўйича иккинчи котиб» бўлган — бу унчалик юқори лавозим эмас, аммо у ўзини «қурол савдоси сиёсатида эксперт» деб атаган.

«Исроил ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари ва ҳарбийлар очиқ-ойдин геноцид амалга ошириш ниятини билдирди, исроиллик аскарлар фуқаролар мол-мулкини қасддан ёқаётгани, йўқ қилаётгани тасвирланган видеоларни олмоқда», — деб ёзади у.

Смитнинг айтишича, «Буюк Британия томонидан Исроилга қурол-яроғ етказиб беришнинг давом эттирилишини умуман оқлаб бўлмайди».

Британия ташқи сиёсий идорасининг маълум қилишича, ТИВ раҳбари Дэвид Лэмми «лавозимга ўтирганининг биринчи куниданоқ» Исроил халқаро инсонпарварлик ҳуқуқларига риоя этаётганини баҳолашни текшириш ташаббусини билдирган.

Қурол савдосига қарши компания (CААТ) маълумотларига кўра, 2008 йилдан бери Буюк Британия 727 миллион долларлик қуролнинг Исроилга экспорти бўйича лицензия берган.

Мавзуга оид