АҚШда президентнинг уруш ваколатлари доирасидаги 60 кунлик механизм ҳозирги Эрон билан боғлиқ вазиятда яна марказий масалага айланди. Бу тизим тезкор ҳарбий қарорлар учун яратилган бўлса-да, сулҳ эълон қилиниши ушбу механизмнинг амалдаги талқинини ўзгартириб юборди. Шу тариқа Трамп қайтадан ҳарбий ҳаракатларни бошлаб яна икки ой вақтдан ютиши мумкин. Лекин олдинда АҚШ мезбонлик қиладиган мундиал ва оралиқ сайловлар масаласи бор.

60 кунлик ваколат доирасида сулҳ аллақачон кучга кириб уруш тўхтаган бўлса, Трамп қайтадан янги операция эълон қилиши мумкинми?

Шавкат Икромов: Дастлаб берилган 60 кунлик муддат, бу Конгресс якуний қарор чиқармасдан туриб президентга уруш олиб бориш ваколатини берувчи механизм ҳисобланади. Бу муддатдан ташқари яна қўшимча 30 кунлик захира ҳам мавжуд.

Бироқ уруш қандай мақсадларда бошланган бўлса, ўша мақсадларнинг бирортаси ҳозирча амалга ошгани йўқ. Аксинча, минтақада янада оғир ва инқирозли вазият юзага келган. Кўплаб кузатувчилар бу ҳолатни келажакда кенг кўламли урушга олиб келиши мумкин бўлган хавфли босқич сифатида баҳоламоқда.

Хусусан, Қўшма Штатларнинг Ҳўрмуз бўғозини деярли тўлиқ блокада қилиши ва Эронга ҳаракат эркинлигини бермаётгани, Теҳронни янада кескин чоралар кўришга ундаши мумкинлиги ҳақида тахминлар бор. Халқаро уруш қоидаларига кўра бундай блокада тегишли конвенцияларга мос келиши керак.

Бироқ ҳозирги вазиятда АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроил ҳаракатлари бу нормаларга тўлиқ мос келмаётгани ҳақида фикрлар мавжуд. Агар блокада давом этса, уруш тугади деган даъвонинг ўзи савол остида қолади. Чунки уруш якунланди деб айтиш учун томонлар муросага келиши ёки ҳеч бўлмаганда умумий келишувга эришиши лозим. Ҳозир эса АҚШ дастлаб қўйган талабларидан деярли чекинмаган, Эрон томони ҳам ўзининг “қизил чизиқлари”да қатъий турибди. Томонлар музокарага яқинлашаётганини кўрсатадиган аниқ белгилар йўқ.

Шу нуқтаи назардан, уруш тугаганини эълон қилишни Доналд Трампнинг сиёсий ва ҳарбий тактикасига хос услуб сифатида баҳолаш мумкин. Одатда у тинчлик ёки урушни якунлаш ҳақида баёнот бергач, ортидан кескин ҳарбий ҳаракатлар ёки қарама-қарши қадамлар кузатилади. Шу боис бу ҳолатни вақтинчалик танаффус сифатида талқин қилиш мумкин. Ҳозирги вазиятга қараганда, Форс кўрфази ҳудудида АҚШ қўшинларини қайта жойлаштириш жараёни давом этмоқда.

Айрим кучлар олиб чиқилмоқда, бошқалари эса янги шароитларда фаолият юритишга тайёрланмоқда. Шу сабабли айнан қандай “тинчлик” ҳақида гап кетаётгани ҳануз аниқ эмас.