Ўзбекистон | 15:45 / 19.08.2024
34989
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йилида қанча абитуриент талабаликка тавсия этилгани маълум қилинди

Имтиҳон натижаларига кўра 186 871 нафар абитуриент бакалавриат таълим йўналишларига талабаликка тавсия этилди.

Фото: Kun.uz

2024/2025 ўқув йили учун ўтказилган имтиҳон натижалари бўйича Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумот берди. Унга кўра, 186 871 нафар абитуриент бакалавриат таълим йўналишларига талабаликка тавсия этилган. Уларнинг 41 153 нафари давлат гранти, 145 718 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Талабаликка тавсия этилганларнинг 120 845 минг нафарини жорий йил битирувчилари ташкил этган.

Кундузги таълим шакли учун давлат грантига 39 903 нафар, тўлов-контрактга 84 132 нафар абитуриент қабул қилинган. Сиртқи таълим шаклига – грантга (имтиёзли) 1 046 нафар, тўлов-контрактга 48 555 нафар абитуриент тавсия этилган. Кечки таълим шаклига – давлат гранти асосида (имтиёзли) 153 нафар, тўлов-контракт асосида 8 455 нафар; масофавий таълим шаклига – давлат гранти асосида (имтиёзли) 51 нафар, тўлов-контракт асосида 4 576 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган.

Шунингдек, талабаликка тавсия этилганларнинг 14 230 нафари имтиёзли қабул параметрлари доирасида қабул қилинган. Шундан давлат гранти 10 494 нафар, тўлов-контракти 3 736 нафар абитуриентга бериладиган бўлган.

Бу йилги имтиҳонларда давлат гранти асосида ўртача ўтиш балли – 121,7, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш балли – 94,7 ни ташкил қилган.

Бундан ташқари, олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовлари бир вақтда ўтказилган. Янги тартибга кўра, профессионал таълим муассасаларига танлов ОТМларнинг танлов натижалари эълон қилингандан сўнг ўтказилади. Шунга кўра, тестда иштирок этган абитуриентлар 18-27 август оралиғида my.uzbmb.uz сайтида профессионал таълим муассасаси (коллеж ёки техникум), касб, мутахассислик ва таълим шаклини танлаши керак.

Мавзуга оид