Финландия ўз ҳудудига НАТО қўшинларини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум бўлди
Мамлакат мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Шимолий атлантика алянсига аъзо давлатлар қўшинлари Финландия ҳудудига узоқ муддатга жойлаштирилиши мумкин, аммо доимийга эмас.
Финландия Шимолий атлантика алянсига (НАТО) аъзо бир нечта давлатлар билан ўз мамлакати ҳудудига қўшинларни жойлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Финландия мудофаа вазири Антти Ҳяккянен Yle телерадиокомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, НАТОга аъзо давлатлар қўшинлари Финландия ҳудудига узоқ муддатга жойлаштирилиши мумкин, аммо доимийга эмас. Ҳяккяненнинг таъкидлашича, ҳарбий таҳдид мавжуд бўлмаса-да, вазият кескин. У Финландия қўшинларни ўз ҳудудига жойлаштириш бўйича қайси давлатлар билан музокаралар ўтказилаётганини очиқламаган, аммо гап Шимолий Европа мамлакатлари ва алянснинг бошқа аъзолари ҳақида кетаётганини шама қилган. Вазирнинг қўшимча қилишича, музокаралар йил охирига қадар давом этади.
19 август куни политолог Дмитрий Журавлёв Швеция ва Финландия НАТО манфаатлари йўлида Россияни Болтиқ денгизига чиқишдан маҳрум қила олмаслигини айтганди. «Болтиқ флоти кучлари бу каби уринишларни натижасиз қолдиради», — деган эди у.
Бундан олдин Россия президенти ёрдамчиси Николай Патрушев НАТО жаҳон океанида, хусусан, Россия ҳудудига яқин океан ва денгиз сувларида ҳарбий-денгиз кучлари сонини ошириб бораётганини таъкидлаган эди. Унинг маълумотларига кўра, ушбу мақсадлар йўлида алянс ҳарбий-денгиз кучларига эга Швеция ва Финландиядан фойдаланиши мумкин.
Июл охирларида Россия флоти кемаси Финландия билан денгиз чегарасини кесиб ўтгани тўғрисида хабар берилганди. Ҳодиса Финландия кўрфазининг шарқий қисмида юз берган ва тахминан етти дақиқа давом этган. Россия кемаси чегара қўриқлаш кемаси ҳамроҳлигида Финландия ҳудудини тарк этган эди.
Мавзуга оид
00:03
НАТО бир неча ойдан кейин Яқин Шарқда бюросини очади
09:32 / 14.09.2024
Россия НАТОга Украинанинг Россия ичкарисига зарбалари учун оқибатлар билан таҳдид қилди
12:00 / 13.09.2024
Столтенберг Мюнхен хавфсизлик конференциясига раислик қилади
22:25 / 12.09.2024