Жаҳон | 11:49 / 23.08.2024
5034
2 дақиқада ўқилади

Ростов вилоятида нефт базалари оммавий равишда сотилмоқда

Ростов вилоятидаги нефт базалари ва нефтни қайта ишлаш заводларини сотиш бўйича таклифлар эълон сайтларида оммавий равишда пайдо бўлди. Бу Пролетарскдаги базада бешинчи кундан бери давом этаётган ёнғин билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Фото: Planet Labs PBC/AP/dpa/picture alliance

Ростов вилоятининг Пролетарск шаҳридаги Росрезерв нефт базасида бешинчи кундан буён ўчириш имкони бўлмаётган, учувчисиз учоқ ҳужуми натижасида ёнғин содир бўлганидан сўнг, нефт омборлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари оммавий равишда сотила бошланди. Бу ҳақда 22 август, пайшанба куни RostovGazeta Telegram-канали ёзмоқда.

Журналистлар 18 августдан сўнг эълон сайтларида пайдо бўлган камида олтита нефт базаси ва нефтни қайта ишлаш заводи сотилиши ҳақидаги маълумотларни аниқлади. Шундай қилиб, Волгодонскдаги 16,7 минг квадрат метр майдонда иккита бино, бир нечта ёнилғи баклари ва темирйўл йўлига эга бўлган мажмуалардан бири 30 миллион рублга сотилмоқда. Азовдаги яна бир нефт омбори - 0,6 гектар асфалт билан қопланган майдонда - 60 миллион рубл туради.

Матвеев Кургандаги база 45 миллион рублга сотилмоқда, гарчи бир йил олдин, эгасининг сўзларига кўра, «барча жиҳозлар ва бинолар капитал таъмирланган», деб таъкидлайди The Moscow Times.

«Минтақада ҳозирда ишламаётган яна иккита нефтни қайта ишлаш заводи ва нефт омбори сотиляпти, аммо бу мажмуанинг аниқ нархи кўрсатилмаган», деб таъкидлайди RostovGazeta.

18 август куни эрталаб Пролетарскдаги ёнилғи омборида ёнғин содир бўлди. Ростов вилояти губернатори Василий Голубевнинг таъкидлашича, унга уриб туширилган учоқнинг парчалари қулаши сабаб бўлган. Шундан сўнг Пролетарск туманида юқори огоҳлантириш режими жорий этилди, Пролетарск шаҳрида эса фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 21 август куни кечқурун нефт базасида янги портлаш содир бўлди, шундан сўнг ёнғин кучайди, деб хабар бермоқда 161.ru маҳаллий янгиликлар портали.

Мавзуга оид