Жаҳон | 14:12 / 28.08.2024
2678
3 дақиқада ўқилади

Полша МиГ-29 қирувчиларини Украинага топширишга ҳозирча тайёр эмас

Полша ўзининг МиГ-29 қирувчи самолётларини уларнинг ўрнига янги жанговар самолётлар олгандан кейингина Украинага ўтказиши мумкин, деди Полша мудофаа вазири. Шу тариқа, у Володимир Зеленскийнинг илтимосига жавоб қайтарди.

Фото: Omar Marques / Getty Images

Полша ўзининг МиГ-29 кўп мақсадли қирувчи самолётларини уларни алмаштириш учун янги жанговар самолётлар олгандан кейингина Украинага ўтказиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилди, деб ёзади Wiadomości нашри 27 август, сешанба куни.

Косиняк-Камиш Полша расмийлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга «бир неча миллиард доллар» ҳисса қўшганини, бу борада қўлидан келганини қилганини эслатди. Бироқ, у Полшанинг ўз мудофаа қобилиятини сақлаб қолишни асосий устувор вазифа деб атади. «Украиналик ҳамкорларимиз буни тушунишлари керак», деди Полша мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Полша ҳарбий-ҳаво кучларида фойдаланишда бўлган МиГ-29 самолётларини Украинага ўтказиш тўғрисидаги қарор мамлакат янги жанговар самолётларни олгандан кейингина қабул қилиниши мумкин. Гап, хусусан, Варшава Қўшма Штатларга буюртма берган F-35 қирувчи самолётлари ҳақида кетмоқда - улар 2026 йилдан кейин етказиб берилади. Унгача Полшанинг мавжуд МиГ’лари ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун керак бўлади, дея таъкидлади Косиняк-Камиш. 

Зеленский Полшадан МиГ-29’ни сўраганди

27 август куни Украина президенти Володимир Зеленский совет русумидаги қирувчиларни Украина қуролли кучларига ўтказиш учун Полшанинг розилигини олмоқчи эканлигини айтди. «Бизга МиГ жуда керак», деди Украина раҳбари. 

Зеленский, шунингдек, Полша Украинага йирик ҳаво ҳужумлари пайтида Россия ракеталари ва учувчисиз учоқларини уриб тушириш орқали ғарбий минтақалари осмонини ҳимоя қилишда ёрдам беришни таклиф қилди. Россия қуролли кучлари томонидан 26 августга ўтар кечаси ва ўша куни эрталаб мамлакатнинг 15 та ҳудудига юздан ортиқ ракета ва юзга яқин ҳужумкор учувчисиз учоқлар учирилган сўнгги шундай оммавий зарба берилди. Оқибатда ўнлаб инфратузилма объектлари шикастланган, қурбонлар ва жароҳатланганлар бор. Ушбу ҳужум пайтида Полша ўз ҳарбий-ҳаво кучларини ҳавога кўтарди.

Август ойи бошида Украина ғарб ҳамкорларидан Американинг биринчи 10 та F-16 қирувчи самолётини олгани маълум бўлди. 27 август куни Россия Федерацияси томонидан амалга оширилган йирик ҳаво ҳужумидан сўнг, Зеленский Украина қуролли кучлари ушбу қирувчиларни Россияга қарши ишлатишга тайёрланаётганини айтди. 

Мавзуга оид