Жамият | 10:30 / 29.08.2024
4468
1 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда ёнғин содир бўлди

Бурчмулла ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда 1,5 гектар майдонда ёнғин юзага келиб, натижада ушбу ҳудуддаги қуруқ ўт ва шох-шабба ёнган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жорий йилнинг 29 август куни соат 00:35 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тезкор бошқарув марказига Бўстонлиқ туманидаги ўрмон ер майдонларида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабарга асосан, ёнғин жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи, 30 нафар қутқарувчи ҳамда Бурчмулла ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилинган.

Маълум бўлишича, ёнғин Бўстонлиқ тумани «Маърифат» МФЙ, Бурчмулла ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда 1,5 гектар майдонда юзага келиб, натижада ушбу ҳудуддаги қуруқ ўт ва шох-шабба ёнган.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 01:50 да тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Мавзуга оид