Фронтдаги вазият: Россия армияси Покровскка яқинлашмоқда
Украина Донбассдаги муҳим таянч пунктини бой берди, аммо Курск областида ҳужумларни давом эттирмоқда.
Россия армияси Покровск йўналишидаги юришини ривожлантирмоқда. Бир неча кун ичида Украина қуролли кучларининг Покровскдан 10 км жануби-шарқдаги муҳим таянч пункти — Новогродовка эгалланди ва энди район марказининг ўзига ҳужум бошлаш мумкин. Покровск ва Мирноградда бир неча кундан буён аҳоли ёппасига эвакуация қилинмоқда. BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев фронтдаги сўнгги ўзгаришларни кўриб чиқди.
Жами аҳолиси 100 минг киши атрофида бўлган Покровск ва Мирноград — Донецк областининг Украина назоратида қолган қисми маркази Краматорскдан жануби-ғарбда жойлашган сўнгги йирик шаҳарларидир. Покровск — муҳим логистик тугун бўлиб, у орқали Донецк, Константиновка, Краматорск ва мамлакат ичкарисига олиб борувчи трассалар ўтади.
Бу вақтда эса Украина қўшини Курск областида август ойидаги жанглар мобайнида россияликлар Донбассда эгаллаганидан кўпроқ ҳудудларни эгаллаб олган. Аммо Украина қуролли кучлари назоратига ўтган энг йирик аҳоли яшаш манзили — 5 минг атрофида аҳоли яшовчи Суджа шаҳри — бир ҳафталик жанглар натижасида бой берилган Новогродовканинг ўзидан икки баробар кичикдир, агар украин қўмондонлиги вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмаса, яқин вақтлар ичида бой берилиши мумкин бўлган Покровск ва Мирноград шаҳарлари эса анча йирикроқ шаҳарлардир.
«Одамлар муаммо ҳақида тобора кўпроқ гапира бошлади»
Россия армияси Очеретино қўлга киритилганидан ва Покровск йўналишида кўплаб секин, қонли ва умуман олганда муваффақиятли ҳужум амалиётларидан кейин район маркази томон юришни бошлади. Фронтнинг бу участкасида Россиянинг «Марказ» қўшинлар гуруҳининг асосий кучлари жамланган ва унинг нисбатан энг жанговар захиралари ҳам шу йўналишга киритилган.
Кўпчилик, жумладан украиналик ҳарбий экспертлар ҳам Гродовка ва унга қўшни Новогродовка тез орада олдинга силжиётган Россия бўлинмалари томонидан ишғол этилишига амин, ҳолбуки бунгача бунинг учун кўпроқ вақт кетиши кутилганди. Аммо, афтидан, Украина қуролли кучлари Покровскнинг ўзида мудофааланишга эътибор қаратишга қарор қилган.
«Мудофаа кучлари етарли бўлмаган шаҳар ҳудудлари енгиб ўтиб бўлмайдиган тўсиқ эмас ва украин қўмондонлиги, катта эҳтимол билан, Новогродовка мудофааси қурбонлар беришга арзимайди деб ҳисоблаган», — дейилади Американинг Урушларни ўрганиш институти ҳисоботида.
Украиналик ҳарбий таҳлилчи Олександр Коваленконинг фикрича, Новогродовка мудофаасини бир неча ой ушлаб туриш мумкин:
«Новогродовка чеккаларида илк штурм ҳаракатлари 21 август куни бошланди. Россия босқинчи қўшинлари бир ҳафтага яқин вақт ичида темирйўл бўйлаб 3,5 км масофага илгарилади».
«Таъкидлашни истардимки, темирйўл ҳудудидаги штурм ҳаракатлари душман учун доимо қийин кечган ва бу сунъий тўсиқ дарё ёки сув ҳавзалари каби табиий тўсиқлар қаторида туради. Аммо бу сафар эмас», — дея давом этади таҳлилчи.
«Ва гап Новогродовкани Россия босқинчи қўшинининг сараланган махсус топшириқли кучлари штурм қилаётганида эмас, бундай гап йўқ. Ва муаммо бу ерда позицияларни қанча мумкин бўлса, шунча ушлаб турган жангчиларимизда ҳам эмас. Муаммонинг характери бошқачароқ, мендан фарқли ўлароқ, гапиришга ҳақлироқ бўлган фуқаролар бу ҳақда тобора баландроқ овозда гапирмоқда», — дея ёзади Коваленко.
Ҳарбий ҳаракатлар майдони харитасида Россия юриши найзаси қайси томонга қаратилгани акс этган. У ғарб томон чуқур чўзилган ва фронтдан келаётган хабарларга кўра, Россия ҳарбий раҳбарияти Покровск томон юришга шошилмаяпти, балки қанотлар хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Ҳам россиялик, ҳам украиналик манбаларга кўра, Новогродовкадан жанубда жойлашган Селидово шаҳри учун жанглар аллақачон бошланган.
Россия бўлинмалари ҳаракати қўшни йўналишда, Курахово йўналишида ҳам кузатилмоқда — кўплаб хабарларга кўра, бу ерда россияликлар бир неча ойлик жанглардан кейин Константиновка қишлоғини эгаллашган.
Бу қишлоқ бой берилиши украинларнинг яна бир муҳим таянч пункти, жануби-ғарбда жойлашган Вуҳледарни ҳимоя қилаётган бўлинмаларнинг позициясини заифлаштиради.
Чалғитишга эришилмади
Сўнгги кунларда Россия қўшинларининг Донбассда шиддат билан олдинга юриши фонида Курск областига бостириб кирган Украина қуролли кучларининг ютуқлари камтарона кўринмоқда.
Украина армияси ҳамон ўз назоратидаги ҳудудни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда, аммо амалиётнинг биринчи кунлари билан таққослаганда, ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги сезиларли даражада пасайган, олдинга юриш эса секинлашган ёки нолга яқинлашган.
Сешанба куни Украина бош қўмондони Олександр Сирский Курск областида Украина 1294 км кв ҳудудда 100 та аҳоли яшаш манзилларини назорат қилаётгани ва 594 нафар россиялик аскар асир олинганини маълум қилди. Бу рақамларни шубҳа остига қўйиш мумкин, аммо умуман олганда, у ердаги вазият — Россия фойдасига эмаслиги аниқ.
Кўприклар вайрон қилиниб, Сейм дарёсида муқобил йўллар сифатида ўрнатилган кечув йўлларига уюштирилган ҳужумлардан кейин Россиянинг чегарани қўриқлаш учун жойлаштирилган 3 минг кишилик гуруҳи мураккаб аҳволда қолмоқда.
Бу гуруҳ жами майдони 400 км кв майдондан иборат Тёткино — Алексеевка — Комаровка — Елизаветовка линияси бўйлаб тўртбурчак ҳосил қилган ҳудудни ушлаб турибди. Бу ҳудуд ғарб ва жанубдан чегарага туташади, шимолда таъминот ва чекиниш йўллари кўприкларсиз қолган Сейм дарёси билан тўсилган, шарқдан эса Украина қуролли кучлари қисмлари босим қилиб турибди.
Аммо украин армияси ҳозирча мазкур участкага фаол юриш ҳаракатлари амалга оширмаётгани туфайли, айни вақтда Россиянинг узилиб қолган қисмларига тўғридан тўғри таҳдид йўқ.
Сирский эса «Курск йўналишидаги ҳужум амалиёти ўтказиш мақсадларидан бири душман кучларини бошқа йўналишлардан, биринчи навбатда Покровск ва Кураховодан чалғитиш» эканини таъкидлаган.
Аммо, Россия қисмлари Покровск йўналишини тарк этмади, аксинча, у ердаги қўшинлари миқдорини оширмоқда.
Мавзуга оид
10:52 / 19.11.2024
Зеленский фронтдаги Покровск ва Купянск шаҳарларига ташриф буюрди
16:28 / 17.11.2024
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
19:39 / 08.11.2024