Жаҳон | 23:05 / 02.09.2024
5107
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэла президентининг 13 млн долларлик самолётини ҳибсга олди

Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари Веданта Пателнинг сўзларига кўра, АҚШ Венесуэлани демократия йўлига қайтариш учун Мадурога босим ўтказиш вариантларини кўриб чиқмоқда.

Фото: CNN

АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадуронинг самолётини ҳибсга олди ва ҳаво кемасини Флорида штатига йўналтирди, деб хабар беради CNN.

«Вашингтон самолёт Америка санкциялари четлаб ўтилган ҳолда харид қилинган деб ҳисоблайди. Душанба куни у Доминикана Республикасидан Флоридага юборилди. Қиймати 13 миллион доллар турадиган Dassault Falcon 900 ҳаво кемаси охирги бир неча ойдан бери Доминиканада турган эди. Операцияда АҚШ Адлия вазирлиги, Ички хавфсизлик вазирлиги ва Савдо вазирлиги ҳузуридаги Саноат ва хавфсизлик бюроси ходимлари иштирок этди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Овоз бериш якунларига кўра, Мадуро мамлакатнинг президенти этиб қайта сайланди (51,2 фоиз овоз билан).

Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари Веданта Пателнинг сўзларига кўра, АҚШ Венесуэлани демократия йўлига қайтариш учун Мадурога босим ўтказиш вариантларини кўриб чиқмоқда.

2020 йил мартда АҚШ Адлия вазирлиги Мадуро, шунингдек, Венесуэланинг амалдаги ва собиқ 14 нафар амалдорига наркотерроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва коррупция бўйича айбловларни эълон қилганди.

«20 йилдан ортиқ вақт давомида Мадуро ҳамда унинг юқори мартабали амалдорлари колумбиялик сўл партизанлар билан алоқада бўлиб, тонналаб кокаинни АҚШга жўнатиш билан шуғулланган», — деган эди ўшанда бош прокурор Уилям Барр.

Давлат департаментининг халқаро гиёҳванд моддалар айланмасига қарши кураш бўйича бюроси Мадуронинг ҳибсга олинишига олиб келадиган маълумотлар учун 15 миллион доллар мукофот пули эълон қилган.

2017 йилда Нью-Йорк федерал суди Мадуронинг рафиқаси Силия Флореснинг икки нафар жиянини АҚШ ҳудудига хусусий самолётда 800 килограмм кокаин олиб кирмоқчи бўлгани учун 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этганди; кейинроқ улар маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилган.

Мавзуга оид