Ўзбекистон | 12:03 / 04.09.2024
2057
6 дақиқада ўқилади

БМТнинг Тараққиёт дастури: Ўзбекистонда бу қандай ишлаяпти?

БМТнинг Тараққиёт дастури дунёнинг 170 мамлакатида ўз фаолиятини йўлга қўйган. Ўзбекистонда ҳам аҳолини яшил энергиядан фойдаланиш, энерготежамкор уйлар яратиш, бунга кетадиган сарфни максимал қисқартириш юзасидан кўникмаларини ошириш дастурнинг асосий мақсади саналади. Дастур ва унда кўзда тутилган миссия юзасидан ташкилот мутасаддилари маълумот берди.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджи дастур доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди:

“БМТ Тараққиёт Дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг йирик тараққиёт агентликларидан бири бўлиб, дунё бўйлаб 170 та мамлакатда ўз офисига эга. Ўзбекистондаги офисимиз ҳам улардан биридир. БМТ Тараққиёт Дастурининг миссияси камбағалликни бартараф этишдан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ваколатхона 40 дан ортиқ лойиҳалар билан ишлайди.

Бу лойиҳалар Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида амалга оширилмоқда ва бу бизнинг мамлакатдаги энг кам таъминланган аҳоли қисмига ёрдам беришга интилишимизни кўрсатади. Биласизми, биз ҳукумат ва халқни барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлаш давомида доимо ҳеч кимни назардан четда қолдирмасликка ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистонда амалга оширган бир қатор муваффақиятли дастурларимиз бор. Улардан энг каттаси “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор Ривожланиш Мақсадлари”га мос келадиган ислоҳот дастурларининг ҳукумат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига эришганимиздир. Масалан, 16-мақсад, яъни кучли институтлар ва бошқарувни оладиган бўлсак, бу соҳада Ўзбекистонда давлат хизматларини рақамлаштиришга ёрдам бердик.

Аниқроқ мисоллар билан айтадиган бўлсам, эндиликда яқинда фарзандли бўлган аёл қўлида боласи билан турли навбатларда туриши шарт эмас. Давлат хизматлари марказлари уларга 6 та хизматни бир жойда кўрсатади, бу хизматлар, шунингдек онлайн тарзда ҳам амалга оширилади ва бир миллиондан ортиқ одамни қамраб олади. Шунингдек, биз тўрт миллионга яқин нафақахўрларга ҳам шу каби қулайликларни яратадиган рақамли хизматлардан фойдаланишни йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз.

Бизда ҳукуматнинг камбағалликни камайтиришдаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлайдиган дастурлар мавжуд. Асосий умумий мақсадимиз — камбағалликни камайтириш. Айни шу мақсадда Ўзбекистон ҳукуматига жорий йилнинг март ойида биринчи кўп ўлчамли камбағаллик индексини нашр этишда ёрдам бердик. Бу амалиёт жуда инновацион бўлиб, камбағаллик фақат даромад билан боғлиқ эмаслиги ва у кўп ўлчамлилигини англашга ёрдам беради. Таъкидлаш жоиз, одамлар камбағалликнинг турли кўринишларини бошдан кечирмоқда, жумладан, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, сувдан фойдаланиш ва санитария билан боғлиқ соҳаларда муаммолар етарлича.

13-мақсад — иқлим ва 15-мақсад — ерусти экотизимлари мавзуси доирасида бутун мамлакат бўйлаб, айниқса, Қорақалпоғистоннинг тўртта туманидаги энг кам таъминланган аҳолига ёрдам бердик ва 900 та ижтимоий инфратузилма орқали 700 000 кишининг сув, таълим муассасалари, электр энергияси ҳамда йўллардан фойдаланиши борасида имкониятларини яхшиладик.

Шунингдек, ушбу ижтимоий инфратузилмаларнинг қандай лойиҳалаштирилганини таъкидлаш ҳам муҳим. Биз жойлашув, техник хизмат кўрсатиш ҳамда иншоотлардан қандай қилиб адолатли фойдаланиш борасида муҳим масалаларни ҳал қилиш ва режалар тузиш учун 1 500 дан ортиқ жамоатчилик вакиллари билан боғландик. Бу ҳам бизнинг муваффақиятли лойиҳаларимиздан биридир”.

БМТ Тараққиёт дастури доирасида аҳоли хонадонларини арзон ва тоза энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида уйларга қуёш панеллари, қуёш сув иситгичлари, иссиқлик насослари, 2 ва 3 қаватли ойна ромлари ҳамда турли изоляцион материаллар ўрнатилган. Лойиҳа масъулларидан бири Шерзод Каттахўжаев бу ташаббуснинг муваффақиятли бўлгани ва аҳолининг энергияга эҳтиёжини барқарорлаштиришга катта ҳисса қўшганини таъкидлайди.

«Лойиҳа асосида биз стандартлаштирилган уйларга энерготежамкор ускуналар етказиб берамиз. 2024 йилда лойиҳанинг 1-фазаси якунланяпти. Бу жараёнда 600 дан ортиқ хонадонларга қуёш панеллари, 800 та хонадонга изоляцион материаллар ўрнатилди. Олиб борилган таҳлил ва кузатувларимиз бу уйларда энергия сарфи камайганини кўрсатди. Бунинг натижасида аҳолида коммунал тўловлар камайгани, қулайликни оширгани сезилди. Бизнинг вазифамиз шундай уйларда яшаётган аҳоли билан гаплашиб, уларнинг фикрини ўрганиб, диаграмма тузиш ва муаммолар, таклифлар, ечимлар юзасидан таҳлил қилиб беришдан иборат.

Бу янги технология бўлгани учун камчиликлар ҳам кўринди. Масалан қуёш панеллари ўрнатилганда инвертор тизими билан боғлиқ муаммолар кузатилди.

Бундан ташқари энерготежамкор уйлар учун ажратилган субсидиялар юзасидан кенг тарғибот ишлари олиб бордик. Истеъмолчилар @BMTTDsubsidiyasi ёки Energymarket.uz манзиллари орқали мурожаат қилишса, барча изоляцион ускуналар, қуёш панеллари, ромларга субсидия олишлари мумкин» дейди у.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида аҳолига:

  • Қуёш панеллари ва аккумуляторлар учун эркакларга 30%, аёлларга 32,5 %;
  • Қуёш сув иситкичлари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5 %;
  • Иссиқлик насослари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5% ;
  • Икки қаватли ойна ромлари учун эркакларга 15%, аёлларга 17,5%;
  • Уч қаватли ойна ромлари учун эркакларга 25%, аёлларга 27,5%;

Ташқи деворлар иссиқлик изоляция қоплами учун эркакларга 35%, аёлларга 37,5% миқдорида субсидия тақдим этилади.

Мавзуга оид