Ўзбекистон | 18:11 / 05.09.2024
42347
12 дақиқада ўқилади

Бойсун синови: Ўзбекистон йирик техноген офатларга қанчалик тайёр?

Бойсундаги конда содир бўлган техноген офат тегишли тузилмаларни жиддий синов қаршисида қолдирди: заҳарли газ атрофдаги қишлоқларга тарқалиб, Бойсун шаҳрига ҳам етиб борган. Бу ҳолат масъуллар учун “бош оғриғи”га айланиб улгурди. Расмий ахборотларнинг ўта камлиги (деярли йўқлиги) эса хавотирларни оширмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига олиб келиши мумкин бўлган саноат ва транспортдаги авариялар, ёнғинлар ва портлашлар, кучли таъсир этувчи заҳарли, кимёвий, радиоактив ва хавфли биологик моддаларнинг тарқалиши – техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардир.

Ўзбекистонда ҳар йили бир неча юз одам табиий ва техноген офатлар туфайли ҳалок бўлади. Масалан, статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда содир бўлган табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар 131 тани ташкил этган. Оқибатда 287 киши ҳалок бўлган, 297 киши жабрланган.

Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг асосий қисмини ёнғинлар ва портлашлар ташкил қилади. Кейинги йилларда содир бўлган йирик техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар сифатида Сардоба сув омборининг ўпирилиши, Янги-Ангрен иссиқлик электр станцияси, Деновдаги савдо мажмуаси ва Сергелидаги омборда кузатилган портлашларни айтиш мумкин.

Бироқ 2024 йил 1 сентябр куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида содир бўлган техноген офат кимёвий жиҳати туфайли фарқли ва жиддийдир. Айниқса, ҳодиса жойи – “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони аҳоли пунктларига анча яқин экани мамлакатнинг бундай офатга нисбатан тайёргарлик даражасини синовдан ўтказади.

Шу сабабли, ҳолат содир бўлган кундаёқ Ўзбекистон президенти топшириғига асосан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борди. У ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, тезкор штаб ташкил қилинган.

Водород сулфид нега хавфли?

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида технологик жараён бузилиши сабабли ҳавога олтингугурт, яъни водород сулфид гази чиқиши кузатилган. Шу сабабли, кон яқинидаги фуқаролар эвакуация қилинган.

Водород сулфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу, кўпинча, токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилияти йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Таркибида водород сулфид миқдори юқори бўлган нефт, газ ва газ конденсати конларини қидириш ва қазиб олишда ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномага мувофиқ, ҳар бир объект учун водород сулфид ажралиб чиқиши билан боғлиқ эҳтимолий аварияларни бартараф этиш режаси тузилади. Режада одамлар, асбоб-ускуналар ва механизмларни жойлаштириш схемалари, кириш йўллари ва одамларни эвакуация қилиш йўллари, водород сулфид тўпланадиган ва тарқаладиган хавфли зоналар, шахсий ҳимоя воситалари ва нафас олиш органларини ҳимоя қилиш воситалари сақланадиган жойлар, авария тўғрисида дарҳол хабардор қилиниши лозим бўлган мансабдор шахслар ва муассасалар рўйхати бўлиши керак.

Водород сулфиднинг рухсат этилган чегаравий концентрацияси ишчи зона ҳавосида 10 мг/м³, аҳоли пунктлари ҳавосида эса 0,008 мг/м³ қилиб белгиланган.

Ҳавода водород сулфиднинг концентрацияси ошиб кетиши инсон саломатлигида юқоридаги каби оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Ким қандай ҳаракат қилиши керак?

“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунда, техноген офатлар содир бўлганида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилган.

Қонунда келтирилишича, прогноз қилинган ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг кўлами ва ҳолатига қараб муайян ҳудудда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг қуйидаги режимлари ўрнатилади:

  • кундалик режим — муайян ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлмаганда;
  • юқори тайёргарлик режими — фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлганда;
  • фавқулодда вазият режими — фавқулодда вазиятлар рўй берганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.

Демак, техноген офатдан кейин Бойсунни фавқулодда вазият режимида дейиш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар давлат тизими томонидан фавқулодда вазият режимида амалга ошириладиган асосий тадбирлар қуйидагилардан иборат:

  • фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва ташкилотларга хабар бериш, шунингдек аҳолини хабардор қилиш;
  • фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир режаларни амалга киритиш;
  • аҳолининг, моддий ва маданий қимматликларнинг хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинишини ташкил этиш;
  • фавқулодда вазият зонасининг чегараларини белгилаш, ўраб олиш (тўсиб қўйиш), унга кириш-чиқиш режимини ва унда ҳаракатланиш режимини белгилаш;
  • фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучларни жалб этиш, мазкур тузилмалар томонидан фавқулодда вазиятларнинг кенгайишига йўл қўймасликка ва уларнинг бирламчи сабабларини бартараф этишга доир ишларни, қутқарув ишларини ҳамда кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга ошириш;
  • иқтисодиёт объектларининг барқарор фаолият кўрсатишини, шунингдек жабрланган аҳолининг ҳаёт фаолияти шароитларини таъминлаш ишларини ташкил этиш;
  • фавқулодда вазиятлар зоналарида атроф табиий муҳитнинг ҳолати, авария объектларидаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият юзасидан мониторинг олиб бориш;
  • эвакуация қилинган аҳолини вақтинчалик жойлаштириш ва унинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда аҳолининг вақтинча бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;
  • фавқулодда вазиятлар зоналарида эпидемияга қарши ва санитария-гигиена тадбирларини бажариш;
  • инфратузилма объектларини тиклаш, ижтимоий аҳамиятга молик объектларнинг фаолиятини йўлга қўйиш;
  • жабрланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш.

Вазирликларга вазифалар берилган

Қонун билан ҳар бир вазирлик ёки тегишли қўмитанинг фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир асосий вазифалари белгилаб берилган.

Масалан, Миллий гвардия фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чоғида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда иштирок этса, Ички ишлар вазирлиги аҳолини хабардор қилиш, ҳудуддаги зарур участкаларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш) бўйича чоралар кўриш, қаровсиз қолган мол-мулкни қўриқлаш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жабрланганларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар зонасидаги атроф-муҳитнинг радиоактив, кимёвий, заҳарловчи моддалар ва бактериал (биологик) воситалар билан ифлосланишини назорат қилиш вазифаларини бажаради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига фавқулодда вазият зонасидаги аҳолини ва эвакуация қилинган аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат билан таъминлашни ташкил этиш, Энергетика вазирлигига фавқулодда вазиятлар зонасидаги аҳолини, ишлаб чиқаришга оид ҳамда ижтимоий объектларни электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш топширилган.

Бу вазифалар тақсимоти Бойсунда қандай ишлаяпти? Масалан, Транспорт вазирлигига эвакуация тадбирлари даврида ташишларни амалга ошириш учун эвакуация поездлари, автотранспорт воситалари ажратилишини ташкил этиш, бузилган автомобил йўлларини, шунингдек транспорт инфратузилмаси объектларини тиклаш вазифалари белгилаб берилган. Аммо ижтимоий тармоқларда Бойсунда одамлар юк машиналарида ташилаётган ҳолатлар акс этган видеолар ҳам тарқалди.

Фуқаролар қандай ҳуқуқларга эга?

Қонунга кўра, фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • фавқулодда вазият рўй берганда ҳаёти, соғлиғи ва шахсий мол-мулкининг муҳофаза қилиниши;
  • умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган бошқа мол-мулкидан фойдаланиш;
  • мамлакат ҳудудининг муайян жойларида бўлганда улар дуч келиши мумкин бўлган хавф-хатар даражаси тўғрисида ҳамда зарур хавфсизлик чоралари ҳақида хабардор бўлиш;
  • фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалалари юзасидан давлат органларига мурожаат этиш;
  • фавқулодда вазиятлар зоналарида ишлаганлиги учун бепул тиббий хизмат, компенсациялар ва бошқа имтиёзлар олиш;
  • фавқулодда вазиятларни бартараф этиш жараёнида мажбуриятларини бажариш чоғида ўз соғлиғига етказилган зарар учун компенсациялар ва имтиёзлар олиш;
  • фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мажбуриятларини бажариш чоғида орттирган касаллиги муносабати билан меҳнат қобилиятини йўқотган тақдирда, ногиронлиги меҳнатда майиб бўлиш оқибатида келиб чиққан ходимлар учун белгиланган тартибда пенсия таъминотини олиш.

Бундан ташқари, фуқаролар боқувчисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мажбуриятларини бажариш чоғида орттирган майиблик ёки касалликдан ҳалок бўлганлиги ёки вафот этганлиги муносабати билан йўқотганда, меҳнатда майиб бўлиш туфайли ҳалок бўлган шахснинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда пенсия таъминотини олишлари мумкин.

Фуқароларнинг мажбуриятлари ҳам бор

Қонунга биноан, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятлари ҳам бор.

Фуқаролар:

  • хавфсизлик чораларига риоя этиши, ишлаб чиқариш интизомининг ва технологик интизомнинг, экологик хавфсизлик талабларининг фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган бузилишларига йўл қўймаслиги;
  • фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланишнинг асосий усулларини, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини ўрганиши ҳамда ўз билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириши;
  • фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келиши мумкин бўлган авариялар, офатлар, ҳалокатлар ва ёнғинлар хавфидан дарак берувчи аниқланган аломатлар тўғрисида тегишли органларни хабардор қилиши;
  • фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи шароитларидаги ва фавқулодда вазиятлар рўй берган шароитлардаги огоҳлантириш сигналларини, юриш-туриш қоидаларини ҳамда ҳаракат қилиш тартибини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларидан фойдаланиш усулларини билиши;
  • зарур бўлганда, қутқарув ишларини ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга оширишга кўмаклашиши шарт.

Техноген офат қандай бартараф этилади?

Kun.uz билан суҳбатлашган бойсунликлар “шаҳарни ёқимсиз, аччиқ бадбўй ҳид қоплаганини, нафас олиш қийинлашганини, кўп одамлар ўзларида ланжлик ва бош оғриғини ҳис қилаётганини” айтган. Бу, албатта, жиддий хавотир уйғотади.

Фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бироқ техноген офат қандай бартараф этилиши, ушбу жараён қандай кетаётганлиги, фавқулодда ҳолатнинг хавфлилик даражаси, вазифалари белгилаб берилган вазирликлар ҳудудда қандай ишларни амалга ошираётганлиги ҳақидаги расмий ахборотлар деярли берилмаяпти. Аксинча, Бойсундаги вазият бўйича ахборот тарқатишга уринганлар босимга учраётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Бу эса ҳудуд аҳолисида хавотирларни каррасига оширмоқда.

Одамлар хавф кўламини билишга ҳақли. Содир бўлган техноген офатни бартараф қилиш бўйича тегишли тартибда илмий ва расмий ахборотлар бериб борилиши хавотирларни ошириш эмас, босишга хизмат қилган бўларди.

Мавзуга оид