Жаҳон | 13:49 / 09.09.2024
3563
8 дақиқада ўқилади

Ғазода лагерларга ҳужум, Иордания чегарасидаги отишма ва яҳудийлар қўлловидан умид қилаётган Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазодаги навбатдаги зарбаси натижасида бир оиланинг 4 аъзоси қурбон бўлди. Секторнинг шимолидаги Жабалия қочқинлар лагерида фаластинлик оиланинг тўрт нафар аъзоси ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда WAFA ахборот агентлиги.

Хабарга кўра, қочқинлар лагеридаги Ал-Аламий тумани ҳудудига ракета зарбаси берилган. Ўлдирилганларнинг жасади Камол Адван шифохонасига келтирилган.

Исроил ҳарбийлари Ғазонинг марказий қисмидаги Нусайрат қочқинлар лагерининг шимолий қисмларига ҳам артиллерия зарбалари берган.

Шунингдек, Исроил армияси авиацияси Хон Юнус шаҳрининг жанубий шарқий қисмидаги Ал-Манара мавзесидаги уйларга иккита зарба берган.

Умуман олганда, Исроилнинг 7 октябрдан буён Ғазога берган зарбалари миқёси жиҳатдан Иккинчи жаҳон урушидан ҳам ўтган.

Иккинчи жаҳон урушида атом бомбасидан жабрланган Ҳирошимада жами 15 минг тонна портловчи модда, Лодонга нацистларнинг ҳужумида 20 минг тонна бомба ишлатилган бўлса, Ғазода бу кўрсаткич 85 минг тоннадан ошган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён қамал қилинган Ғазода Исроил ҳужумлари туфайли тўхташ билмаётган хунрезлик қурбонлари сони 40 минг 972 кишига етган. Ярадорлар сони 94 минг 761 кишини ташкил этмоқда.

Сўнгги сутка ичида Исроил армияси учта оммавий қирғин актини уюштирган ва унда 33 киши ҳалок бўлган ва 145 киши турли даражада яраланган.

Исроилдаги намойишлар

Исроилда тарихдаги энг йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар Ғазо секторида сулҳ битимини тузиш ва ҲАМАС асирлигида қолган исроилликларни озод қилишга эришишни талаб қилишди.

Намойишларни уюштирган «Гаровга олинган оилалар форуми» ҳисоб-китобларига кўра, кўчаларга 500 мингга яқин одам чиққан. Улар буни Тел-Авив тарихидаги энг йирик митинг деб аташмоқда. Яна 250 минг киши мамлакатнинг бошқа шаҳарларида кўчаларга чиққан.

Намойишда 31 август куни Ғазо секторида жасади топилган исроилликларнинг яқинлари ҳам иштирок этган. Гаровга олинганларнинг оила аъзолари ҳар шанба куни норозилик намойишини ўтказмоқда. Бу сафар, намойиш биринчи марта ҳукуматга қарши намойишлар билан расман бирлаштирилган.

Намойишчилар Исроил хавфсизлик вазири Итамар бен Гвирни алоҳида қоралаб чиқишди. Суд олдида унинг фотосуратларига қум сепилган. Бу акция пляжлардан бирида намойишчилардан бири унга қарата ҳўл қум отганидан сўнг оммалашган.

Исроилга ҳужум пайтида ҲАМАС 251 кишини гаровга олган. 2023 йил ноябр ойида гаровдаги 105 киши озод қилинган эди. Яна 8 нафари Исроил армиясининг Ғазо секторидаги амалиётлари чоғида қўйиб юборилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҲАМАС асирлигида 101 исроиллик қолмоқда. Улардан 66 нафари ҳануз тирик экани тахмин қилинмоқда.

Иордания чегарасидаги отишма

Иордания ва Ғарбий Соҳил чегарасидаги отишмада исроилликлар ҳалок бўлди. Бу минтақадаги кескинликни кучайтирган 7 октябр ҳодисаларидан бери Иордания чегарасида юз берган биринчи қуролли можародир.

Исроил мудофаа кучлари Алленби кўпригидаги отишмада уч нафар исроиллик фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳужум қилган шахс юк машинасида Иордания томондан келган, сўнгра чегарада турган яҳудий аскарларига қарата ўт очган.

Хавфсизлик кучлари ўт очган шахсни ўлдирган.

Иордания расмийлари чегарани ёпганини ва ҳолат юзасидан суриштирув бошланганини эълон қилди. Исроил ҳукумати ҳам Иордания билан чегарани ёпган.

Ушбу кўприк Аммон ва Қуддус ўртасида жойлашган бўлиб, Ғарбий Соҳил ва Иордания ўртасидаги ягона расмий чегара ўтиш жойидир. У орқали Исроил ҳудудидан ўтмасдан Ғарбий Соҳилга кириши мумкин. Назорат пунктида Исроил хавфсизлик кучлари билан бирга хусусий қўриқчилар ишлайди.

Эрон ва Россия ўртасида ола мушук?

Эрон Россиянинг Озарбойжонни Нахичивон мухтор Республикаси билан Арманистон ҳудуди орқали боғловчи Зангизур йўлагини қўллаб-қувватлагани учун Россияни танқид қилди. Эрон ташқи ишлар вазири Саид Аббос Ароқчи огоҳлантирувчи чиқиш қилди.

«Шимол, жануб, шарқ ёки ғарбдаги қўшниларимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг қайта кўриб чиқилиши Эрон учун мутлақо қабул қилиб бўлмас қизил чизиқдир», — деб ёзган Ароқчи Х ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазирлигига Россия элчиси Алексей Дедов Россия позициясидан норозилик билдириш учун чақирилганди. Теҳроннинг фикрича, бундай йўлнинг яратилиши мамлакатнинг изоляцияланиши ва Эроннинг Европа ва бошқа давлатлар чиқишини чеклаб қўяди.

«Россия давлат арбобларининг хатти-ҳаракати қабул қилиб бўлмас ва уларнинг Эрон билан дўстлик ҳақидаги баёнотларига зиддир. Бу тушунмовчиликлар ечилиши керак», — деган Эрон Мақсадга мувофиқлик кенгаши котиби, генерал Муҳсин Ризоий.

Эрон парламенти — Мажлис депутат Аҳмад Нодирий ҳукуматни Россияга нисбатан жуда юмшоқ муносабатда айблади: «Русларнинг Эрон манфаатларига зид аввалги ҳаракатларига нисбатан адекват жавоб берилмагани уларни икки карра кибрли қилиб қўйди. Уларга тушунтириб қўйиш керакки, стратегик ҳамкорлик Эроннинг ўз миллий манфаатларидан воз кечишини англатмайди», — деган Нодирий.

Украинанинг Эронга таҳдиди

Эрон парламенти вакили Россияга ракеталар етказиб берилганини тан олди.

Парламент Миллий хавфсизлик комиссияси аъзоси Аҳмад Бахшоиш Ардистоний «Didban Iran» нашрига берган интервюсида ўз мамлакати Россияга нафақат дрон, балки ракеталар ҳам етказиб берганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, санкцияларни четлаб ўтиш ва хорижий валютани жалб қилиш учун Эрон «ракета ва дрон сотувчиси» бўлиши керак.

«Ҳизбуллоҳ, Ҳамас, Ҳашд аш-Шаабийга (Ироқ) ракета беряпмиз, нега энди Россияга бермаслигимиз керак?», деган у.

Бундан ташқари, Ардистоний ушбу қуролларни Россияга сотиш орқали Эрон буғдой ва соя олаётганини таъкидлади.

Украина Эронга Россияга баллистик ракеталар етказиб берганлик эҳтимоли юзасидан мурожаат қилган. Киев Теҳронни икки томонлама муносабатлар учун «вайронкор оқибатлар» билан огоҳлантирган.

«Биз Эрон раҳбариятини БМТ Низомига кўра агрессор-давлат деб тан олинган Россияга ҳар қандай қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб беришдан тийилишга чақирамиз», — дейилади Украина ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Икки ярим йилдан буён Украина Россиянинг жумладан Эронда ишлаб чиқарилган пилотсиз парвоз қурилмаларидан фойдаланиб уюштирилаётган ҳаво ҳужумларидан азият чекмоқда.

«Биз халқаро ҳамжамиятни халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун Теҳрон ва Москвага босимни кучайтиришга чақирамиз», — дейилади вазирлик баёнотида.

Яҳудийлардан мадад кутаётган Трамп

Яҳудий донорлар олдида чиқиш қилган республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп агар демократлар ғалаба қозонса Исроил йўқ қилиниши, агар ўзи ютадиган бўлса Исроил яна минг йил яшашини ваъда қилмоқда.

«Мен сизлар билан Исроил яна минг яшашига ишонч ҳосил қилиш учун ишламоқчиман», — дея ваъда берган Трамп.

«Агар Камала Ҳаррис президент бўладиган бўлса Исроил деган давлат бутунлай барҳам топади», деган Трамп.

Трамп америкалик яҳудийлар жамоаси республикачиларни етарли тарзда қўллаб-қувватламаётганидан таажжубда эканини навбатдаги марта таъкидлаган.

«Мен уларни қандай қилиб қўллаш мумкинлигини тушунмайман. Агар сиз демократларни қўллайдиган яҳудий бўлсангиз, бошингизни текширтириб кўринг», — деган Трамп ўзини америкалик яҳудийларнинг фақат чорак қисми қўллаётганини тан олиб.

Бунга жавобан Ҳаррис жамоаси Трампни нацистлар ва антисемитларга симпатияда айблаган.

«Доналд Трамп америкалик яҳудийларни очиқчасига мазах қилади, неонацистлар билан тушлик қилиб, миш-мишларга кўра Адолф Ҳитлер «бир неча яхши ишлар ҳам қилгани»ни таъкидлаган», — дейилади Ҳаррис сайлов кампаниясининг матбуот котиби баёнотида.

Мавзуга оид