Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мадрид электросамокатлар ижарасини тақиқлаб қўйди
Испания пойтахти кенгаши электросамокатларни ижарага бериш билан шуғулланувчи компанияларининг лицензиясини қайтариб олди.
Мадрид ҳукумати электросамокатларни ижарага бериш билан шуғулланувчи Lime, Dott ва Tier компанияларининг лицензиясини чақириб олди. Бу каби қарор натижасида ижарага олинган электросамокатлар Испания пойтахти кўчаларидан чиқариб ташланади.
Шаҳар мэри Хосе Луис Мартинес-Алмейданинг маълум қилишича, маҳаллий кенгаш ушбу учта компания 2023 йил майда берилган рухсатномалар шартини бажармагани учун шундай қарор қабул қилган.
Кенгашга кўра, компаниялар ўз фаолиятлари текширувига тўсқинлик қилган, қўшимча маълумотлар ёки ўз интерфейсларига кириш имкониятларини тақдим этмаган. «Булар орасида бутун шаҳар бўйлаб хизмат кўрсатишнинг мавжуд эмаслиги, суғурта қопламасининг йўқлиги ва транспорт воситаларининг тақиқланган жойларда тўхтаб туришига йўл қўймайдиган технологиялар жорий этилмагани каби камчиликлар мавжуд», — дейилади хабарда.
Lime, Dott ва Tier компаниялари Мадридда электросамокатлар ижараси билан шуғулланиб келаётган эди, уларнинг ҳар бири 2 минг дона самокатга рухсатнома олган. Кенгаш қарорига кўра «самокатлар ижараси октябр ойидан бошлаб шаҳардан йўқолади».
Мадрид мэрининг айтишича, шаҳар кенгаши электросамокатлардан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай қўшимча рухсатномаларни бермайди, «чунки бозор фуқароларнинг максимал хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенгаш талабларига жавоб бера олмайди».
Мэрия сайтидаги маълумотларга кўра, Мадридда ҳамон шахсий электросамокатлардан фойдаланишга рухсат этилади.
Мавзуга оид
11:42 / 26.02.2026
Януковичнинг собиқ маслаҳатчиси ўлдирилиши: гумонланувчи ГФРда ушланди
09:30 / 19.01.2026
Испанияда икки поезд тўқнашуви оқибатида 21 киши ҳалок бўлди
22:35 / 03.11.2025
Navee XT5 Pro — 130 км йўл босадиган “офф-роуд” электросамокат тақдим этилди
13:42 / 02.05.2025