Жаҳон | 14:10 / 10.09.2024
1327
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда қотилликка ундаганликда айбланган икки покистонлик судланди

Покистонликлар Нидерландия парламентидаги энг йирик ўнг «Озодлик партияси» етакчиси Герт Вилдерсни ўлдиришга чақиришда айбдор деб топилди. Улар узоқ муддатга ҳукм қилинди.

Фото: De Rechtspraak

Ҳаага округ суди Покистоннинг икки фуқаросини - 56 ёшли Мулла Муҳаммад Жалолий ва «Теҳрик-и-Лаббайк Покистон» радикал ўнг сиёсий уюшмасининг 29 ёшли раҳбари Саад Ҳусайн Ризвийни Нидерландия парламентидаги энг йирик «Озодлик партияси» раҳбари Герт Вилдерсни ўлдиришга чақиришда айбдор деб топди. NL Times газетасининг 9 сентябр, душанба куни хабар беришича, ҳар икки айбланувчига ҳам судда адвокатлар вакиллик қилмадилар. Нидерландия Покистон билан экстрадиция шартномасига эга эмаслиги сабабли, маҳкумлар нидерланд қамоқхонасида қолиши даргумон, дея таъкидлади NL Times.

Жалолий қотилликка ундашга уринишда айбланган, чунки у етакчи сифатида Вилдерсга қарши фатво - нуфузли мусулмон арбобининг хулосасини чиқарган ва буни амалга оширганлар «охиратда мукофотланишига» ваъда берган, деб ёзади AFP. Унга кўра, мулла 14 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ризвий эса ижтимоий тармоқларда Вилдерсни ўлдиришга чақирган. Унга тўрт йиллик қамоқ жазоси берилди. «Кўпчилик бу гапларни жуда жиддий қабул қилган деб тахмин қилиш мумкин», — дейилади суд қарорида. 

Вилдерс қатор кескин баёнотлар берган

2004 йилдан бери Герт Вилдерс 24 соатлик давлат ҳимоясида. У қатор кескин баёнотлар берган. 2014 йилда Вилдерс сайловолди митингида марокашликларни ҳақорат қилганликда айбланган.

2023 йил ноябрида «Озодлик партияси» умумий сайловларда ғалаба қозонди, бироқ Вилдерс ҳукуматга қўшилмади. У Европага оммавий миграциянинг мухолифи, шунингдек, Яқин Шарқдаги можарода кучли исроилпарастлик позициясини эгаллайди. Сентябр ойида Герт Вилдерс Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Сиёсатчилар Украинадаги коррупция, Киев шартлари бўйича тинчлик ўрнатиш имкониятлари ва украиналик эркакларнинг «Украинага ёрдам бериш ўрнига Нидерландияда қолиши»ни муҳокама қилишди, деб хабар берди ўша пайтда Вилдерснинг ўзи. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид