Жаҳон | 10:44 / 13.09.2024
6513
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия Курск областида қарши ҳужум бошлади

Украина президенти Володимир Зеленскийдан ташқари Россия Мудофаа вазирлиги Курск яқинида Россия Қуролли кучларининг ҳужуми бошланганини эълон қилди.

Фото: Russian Defense Ministry/AP/picture alliance

Россия қўшинлари Курск областида қарши ҳужумга ўтди. Бу ҳақда 12 сентябр, пайшанба куни Украина президенти Володимир Зеленский, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги расман маълум қилди. Аввалроқ фақат норасмий манбалар Россиянинг қарши ҳужуми бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Зеленский Курск яқинидаги воқеалар «Украина режаси» асосида содир бўлаётганини таъкидлади. Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, аввалроқ Украина армияси томонидан босиб олинган ўнта аҳоли пункти устидан «назорат тиклангани» ҳақида хабар берди.

Бир кун аввал Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси Россия армиясининг Курск областидаги ҳужум ҳаракатлари давомида рус қўшинлари зирҳли техникаларни Сейм дарёси ва минтақадаги кичикроқ дарёлар орқали ўтказишга муваффақ бўлганини ёзган эди. Россиянинг уруш тарафдори бўлган Telegram-каналлари ҳам Курск яқинида рус армиясининг қарши ҳужуми ҳақида эълон қилди. Бундан ташқари, «Россия қўшинлари томонидан ўнта аҳоли пунктини тозалаш ва назорат қилиш» ҳақидаги маълумот «РИА Новости» агентлигига «Ахмат» махсус кучлари қўмондони, генерал майор Апти Алаудинов томонидан тасдиқланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид