Жаҳон | 00:28 / 16.09.2024
5815
2 дақиқада ўқилади

Стокголмда 2033 йилга бориб уй-жой етишмовчилиги кузатилади

Швеция пойтахти аҳолиси 2033 йилга бориб 137 минг кишига ошади, шу боис шаҳарда уй-жой етишмовчилиги кескин ошиши кутилмоқда.

Фото: Pixabay

Швеция пойтахти Стокголм аҳолиси 2033 йилга бориб 137 минг кишига ошади, шу боис шаҳарда уй-жой етишмовчилиги кескин ошиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Стокголмда уй-жойга бўлган талаб юқорилигича қолмоқда. Талабни қондириш учун йилига ўртача 20 мингга яқин янги уй-жой қуриш талаб этилади. «Шаҳар яхши уй-жойлар билан таъминланиши муҳим, аммо бизга сиёсатчиларнинг ёрдами керак. Акс ҳолда биз жиддий оқибатларга дуч келамиз», — дейди минтақа кенгаши аъзоси Густав Хемминг.

Уй-жой танқислиги муаммоси муниципалитетлар қурилишга вето қўйиш ҳуқуқига эга экани билан боғлиқ. Хеммингнинг айтишича, давлат билан жанубий трамвай тармоғи, янги метро станциялари ва тор йўналишли темирйўлни узайтириш бўйича келишувларга эришилгани натижасида 170 мингта уй қурилади.

«Шаҳар аҳолисининг 2033 йилга келиб 137 минг нафарга кўпайиши малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун етарли эмас. Бу ҳукумат учун жуда муҳим ташвиш сигналидир. Меҳнат миграцияси муҳим аҳамиятга эга бўлади», — дейди Хемминг.

Сконе ва Вестра-Гёталанд минтақаларида эса аҳоли ўсишининг секинлашиши кузатилмоқда — бу миграция ва туғилишнинг пасайиши билан боғлиқ. 

Аввалроқ Швеция ҳукумати мигрантларнинг ўз ватанига қайтиб кетишини рағбатлантириш бўйича молиявий қўллаб-қувватловни 35 баробарга ошириши тўғрисида хабар берилганди. Ҳукумат бюджети лойиҳасида 2025 йилда миграция сиёсати учун 513 миллион крона (49,53 миллион доллар), 2026 йилда 2 миллиард 599 миллион крона (247,55 миллион доллар), 2027 йилда эса 1 миллиард 357 миллион крона (131,27 миллион доллар) ажратиш кўзда тутилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид