Жаҳон | 20:21 / 17.09.2024
16504
3 дақиқада ўқилади

Ливанда «Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг пейжерлари оммавий портлади, минглаб кишилар яраланган

Уч мингга яқин киши жароҳатланди, 8 киши вафот этган. Бунинг ортида Исроил тургани тахмин қилинмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ливан пойтахти Байрут шаҳри чеккасида ва мамлакат жанубий ҳудудларида кўплаб пейжерларнинг портлаши содир бўлди, минглаб одамлар жароҳатланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, жароҳатланганлар сони 2 750 кишини ташкил этмоқда, 8 кишининг ўлими тасдиқланган. Жароҳатланганлардан 200 дан ортиғи оғир аҳволда қолмоқда.

Ахборот агентликларининг маълумотларига кўра, портлаш тўлқини 17 сентябр куни кундузи бир соатга яқин давом этган. Портлашлар айнан қандай содир бўлгани ҳозирча номаълум. Манбаларнинг қайд этишича, «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг мулоқот учун пейжерлардан фойдаланадиган ўнлаб аъзолари жароҳатланган.

«Ҳизбуллоҳ» қатор портлашлар ортида Исроил турганини таъкидламоқда. Исроил ҳарбийлари бу айбловга изоҳ бермади.

Яқин Шарқ матбуотининг ёзишича, пейжерлардаги литий батареялар ҳаддан ташқари қизиб кетишдан портлаши мумкин. Шунингдек, уларнинг бир вақтда портлашига ҳакерлар сабаб бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди.

Эроннинг Mehr агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг Байрутдаги элчиси Мўжтаба Омоний ҳам яраланган. Бундан ташқари, пейжер портлашлари нафақат Ливанда, балки Сурияда ҳам содир бўлган.

The Wall Street Journal хабарига кўра, портлаган пейжерлар яқинда етказиб берилган қурилмаларнинг янги партиясидан бўлган. «Ҳизбуллоҳ» вакили пейжерлар қизиб кетиши ва портлашига олиб келиши мумкин бўлган дастур билан зарарланганини тахмин қилди.

Айрим маълумотларга кўра, сўнгги ойларда «Ҳизбуллоҳ» жангариларига Исроил разведка хизматлари кузатувига тушмаслик учун мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Гуруҳ аъзоларига стационар телефонлар ва пейжерлар каби эскирган алоқа воситаларидан фойдаланиш тавсия этилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид