Жаҳон | 16:27 / 21.09.2024
4253
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Каролинада 13 йил ичида илк бор маҳбус қатл этилди

46 ёшли маҳбусга одатда уй ҳайвонларини ухлатиш учун қўлланадиган тинчлантирувчи дори — пентобарбитал юборилди.

Фото: AP

АҚШнинг Жанубий Каролина штатида 13 йил ичида биринчи марта маҳбусга ўлим жазоси қўлланди, деб хабар бермоқда CNN. Жазо инъекция ёрдамида ижро этилди.

46 ёшли Фредди Оуэнс 1999 йилда Гринвиллдаги дўконда содир этилган ўғирлик пайтида сотувчини ўлдиргани учун ҳукм қилинганди. Эркакка, одатда уй ҳайвонларини ухлатиш учун қўлланадиган тинчлантирувчи дори — пентобарбитал юборилди.

CNN нашрининг ёзишича, 19 сентябр куни Жанубий Каролина Олий суди ҳукм ижросини кечиктиришни рад этди. Штат губернатори Ҳенри Макмастер маҳбусни афв этишдан бош тортди.

Адвокатлар Оуэнснинг ҳуқуқлари бузилганини таъкидламоқда — жараёндан олдин унга инъекцион дори ҳақида маълумот берилмаган. Дастлаб, Оуэнснинг қатл этилиши 2021 йил 25 июнга белгиланганди.

Жанубий Каролина жиноятчиларни қатл этиш бўйича АҚШ штатлари орасида етакчилардан бири эди. Шу билан бирга, минтақа қатл учун зарур бўлган дори воситаларини олишда муаммоларга дуч келди. Штатда дори етишмаслиги туфайли отиб ўлдириш орқали қатл этишга рухсат берилди.

2019 йил ёзида, Трамп президентлиги даврида, АҚШда федерал даражада чиқарилган ўлим ҳукмларини ижро этишга қайтиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўша пайтда мамлакатда 2003 йилдан бери бирорта ўлим жазоси қўлланилмаган, аммо штатлар ҳукуматига уни мустақил равишда тайинлаш ва амалга оширишга рухсат берилганди. Агар айбланувчилар қотиллик содир этишдан олдин одамларни таҳқирлаган ёки ёш болаларни зўрлаган бўлса, унга олий жазони қўллаш таклиф этилган.

2021 йил июл ойида АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд мамлакатда ўлим жазосига вақтинчалик мораторий жорий этиш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Қарор Адлия вазирлиги ўлим инъекциялари орқали қатл этишнинг қанчалик инсонийликка мос эканлигини текшириши, шунингдек, Трамп даврида Оқ уй маъмурияти томонидан ушбу жазо бўйича киритилган ўзгартиришларни ўрганиши зарурати билан қабул қилинди. 

Мавзуга оид