Ўзбекистон | 18:24 / 21.09.2024
4115
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Полша билан фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилади

Фото: Ўзбекистоннинг Полшада элчихонаси матбуот хизмати

Полшанинг Тиббий маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар ва биоцид маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш идораси президенти Гжегож Чесак бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров билан ўтказилган учрашув якунида ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишилган йўналишлардаги ишларни амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар режасидан иборат бўлган йўл харитаси имзоланган.

«Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов билан бўлиб ўтган музокараларда томонлар икки томонлама ҳамкорлик ва тартибга солувчи органлар ўртасида маълумот алмашиш зарурлиги тўғрисида келишувга эришдилар», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, 19 сентябр куни Ўзбекистонда «Ўзбек-поляк ҳамкорлик ҳафталиги» бошланган бўлиб, у 25 сентябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Полша фармацевтика саноати уюшмаси президенти Кшиштоф Копец бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келганди. Ўшанда ташрифдан мақсад Ўзбекистонда Полпҳарма Гроуп ва Адамед каби етакчи компаниялар билан биргаликда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат экани айтилган эди.

 

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид