Жаҳон | 18:35 / 23.09.2024
7942
2 дақиқада ўқилади

Жиноятчиларнинг Telegram рақамлари ва IP-манзиллари ошкор этилади – Дуров

Telegram қидируви ноқонуний товарларни тарғиб қилиш учун эмас, балки дўстлар ва янгиликларни топиш учун мўлжалланган, деб ёзди у.

Фото: Reuters

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров фойдаланиш шартлари ва махфийлик сиёсати ўзгарганини эълон қилди. Унга кўра, ушбу сиёсатни бузганларнинг телефон рақамлари ва IP-манзиллари қонуний талабларга жавобан тегишли органларга ошкор этилади.

«Телеграмда қидирув бошқа хабар алмашиш иловаларига қараганда кучлироқ, чунки у фойдаланувчиларга умумий каналлар ва ботларни топиш имконини беради. Афсуски, бу хусусиятдан фойдаланиш шартларини бузган одамлар ноқонуний маҳсулотларни сотиш учун фойдаланган», деб ёзди Дуров.

Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллектдан фойдаланадиган махсус модераторлар жамоаси Telegram қидирувини анча хавфсизроқ қилган. Қидирувда топилган барча муаммоли контент ўчириб ташланган.

«Жиноятчиларнинг Telegram Search хизматини суиистеъмол қилишини олдини олиш учун биз бутун дунё бўйлаб Фойдаланиш шартлари ва махфийлик сиёсатимизни янгиладик. Биз сиёсатларимизни бузганларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамлари қонуний талабларга жавобан тегишли органларга ошкор этилиши мумкинлигини аниқ маълум қилдик», деб ёзди Дуров ва бу чоралар жиноятчиларни чўчитиши кераклигини таъкидлади.

«Telegram қидируви ноқонуний товарларни тарғиб қилиш учун эмас, балки дўстлар ва янгиликларни топиш учун мўлжалланган. Биз тажовузкорларга миллиардга яқин фойдаланувчи учун платформамизнинг яхлитлигини бузишига йўл қўймаймиз», деб ёзди у.

Павел Дуров 24 август куни Париж аэропортида қўлга олинди. Унга уюшган жиноятчиликка алоқадор қатор жиноятлар, жумладан, гиёҳванд моддаларни тарқатиш ва болалар порнографиясини тарқатишда иштирок этиш, шунингдек, ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришдан бош тортиш каби жиноятлар бўйича айблов қўйилди. Бир неча кундан кейин у гаров эвазига озод қилинди.

Кейинчалик, Павел Дуров нафақат Франция, балки бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига кўра маълумотларни тақдим қила бошлагани ҳақида хабар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид