Жаҳон | 21:24 / 25.09.2024
22895
6 дақиқада ўқилади

Эрон нима учун «Ҳизбуллоҳ»га ёрдамга шошилмаяпти?

Сўнгги ҳафта давомида Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати бемисл даражадаги зарбалар сериясига учради, айримларнинг фикрича, бу ҳужумлар гуруҳнинг сўнгги қирқ йилликдаги энг чуқур инқирози бўлмоқда.

NurPhoto

Аввалига бутун мамлакат бўйлаб гуруҳ аъзоларининг алоқа қурилмалари - пейжерлар ва рация воситалари портлай бошлади, бунинг натижасида ўнлаб киши ҳалок бўлиб, минглаб кишилар яраланди. Кейин эса Исроил авиацияси «Ҳизбуллоҳ» объектлари бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллашга ва юқори мартабали қўмондонларни йўқ қилишга киришди. Бошқача айтганда, гуруҳ Исроил билан 2006 йилги урушдан буён энг жиддий қон тўкилишини бошдан кечирмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» — минтақадаги Исроилга душман бўлган қуролли гуруҳлар коалицияси сифатида кўриладиган «Қаршилик ўқи»даги энг йирик жангари гуруҳдир. Уни тез-тез «дунёдаги энг қудратли нодавлат армия» деб ҳам аташади. У ўз мавжудлигининг илк кунлариданоқ Эрон томонидан тўла ва тўхтовсиз қўллаб-қувватланган.

Кўпчилик Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» тузилмасига жиддий путур етказадиган мисли кўрилмаган жиддий зарбалари Эроннинг янада қатъий жавобини келтириб чиқаришини кутганди. Аммо ҳозирча бундай реакция рўй бермади.

Эрон анчадан буён «Ҳизбуллоҳ» — унинг «қизил чизиғи» эканини айтиб келиши ва «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳассан Насруллоҳ бир неча кун олдин Исроил «барча қизил чизиқлар»дан ўтганини айтганига қарамай, Эрон ҳозирча на тийиб турувчи ва на тажовузкор жавоб қайтармаяпти.

Ҳатто эронликларнинг Исроилдан қасос олиш тўғрисидаги оловли риторикаси ҳам бу сафар сезиларли даражада вазмин чиқмоқда.

Эрон расмий шахслари нималар деди?

Эроннинг позицияси қандайлигини Ню Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясига келган мамлакат президенти Масъуд Пизишкиённинг изоҳларидан билиш мумкин.

Америкалик журналистлар билан учрашувга оид аудиоёзувга кўра, Пизишкиён ноодатий баёнот бериб, агар Исроил шундай йўл тутадиган бўлса, Эрон ҳам куч ишлатишдан воз кечиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтган.

Бу Эроннинг икки ой олдин, Теҳронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин билдирилган позициядан буткул фарқ қилади, ўшанда эронликлар Исроилга қатъий жавоб қайтарилишига онт ичишганди.

Ню Йоркда муроса оҳангига ўтиш шу қадар сезиларли бўлдики, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон Исроил билан муносабатларида кескинлашувга тайёрлиги тўғрисида тарқалган хабарни қатъиян рад этишга шошилди.

Javan газетасидаги сарлавҳа: «Ақлдан озган Исроил, «Ҳизбуллоҳ» штурми. Фото: Javan

Эроннинг собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда мамлакат вице-президенти саналган Муҳаммад Жавод Зариф ижтимоий тармоқларда Пизишкиённи қўллаб-қувватлаб, президент моҳиятан «Исроил жиноятлари»ни қоралагани, шу билан бирга, Эронни тинчлик курашчиси ва минтақадаги ядровий қуролсизланиш тарафдори сифатида намойиш этганига ишора қилди.

Зариф Исроилни Эроннинг ниятлари ҳақида «хавфли ва сохта нарратив» тарғиб қилишда айблаб, бу билан Исроилнинг даъволарига зид ўлароқ, Эрон урушга интилмаётганини назарда тутди.

Пизишкиённинг ўзи америкалик журналистлар билан суҳбатда аниқ қилиб айтди: «Биз уруш истамаймиз». У Исроилни Эронни ғолиблар бўлмайдиган можарога тортиш учун тузоқ қўйишда айблаган.

Ғафлатда қолдиришмоқчими?

Эрон олий диний раҳнамоси, азалдан Исроил ва АҚШга нисбатан энг кескин қарашларга эга бўлган оятуллоҳ Али Хоминаий «Ҳизбуллоҳ»нинг пейжерлари ва рациялари портлашидан уч кун ўтиб берган сўнгги баёнотида Ливан ҳақида қисқача тўхталиб ўтган.

У ўз нутқини асосан ислом давлатларини Исроилга қарши бирлашишга ҳамда у билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни узишга чақиришга бағишлаган.

Бу тенденция Эрондаги ҳукумат таъсиридаги нашрларда ҳам акс этмоқда, ҳолбуки бу нашрлар одатга кўра Исроилдан қасос олишга ундаб келарди. Қатъий линияни ушлаб турадиган алоҳида овозлар ва манбалар эндиликда кўпроқ эътиборни Исроил қаршисидаги ислом бирлиги ғоясига қаратмоқда — гарчи бундай чақириқлар кўп йиллардан буён кўзланган натижаларни бермаган бўлса ҳам.

Ушбу медия манбаларнинг аксарияти ҳануз ўз матнларига тажовузкор сарлавҳалар ва ракеталарнинг қўрқинчли фотосуратларини қўяётган бўлса-да, уларда қасосга ташналик билан тўлган оҳанги ғойиб бўлган. Бу айниқса Эроннинг Исроил бўйлаб муваффақиятсиз ракета зарбалари ҳамда Ҳамас сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилганидан кейин сезиларли бўлди.

Масалан, ултраконсерватив Kayhan газетаси яқинда Исроилга қарши руҳдаги «Ортга саноқ бошланди!» сарлавҳали таҳририят мақоласини эълон қилганди. Аммо мақоланинг ўзида Исроил Ғарб ёрдам туфайли «технологиялар ва разведка соҳасида яққол устунлиги» сўзсиз тан олинади, бу вақтда эса «Ҳизбуллоҳ»ни фақат Эрон, Фаластин, Яман ва Ироқдаги қаршилик гуруҳларигина қўллаши айтилади.

Kayhan газетасидаги бундай оҳанг шуни кўрсатадики, Исроилнинг тезкор ва вайронкор зарбалари дебочаси бўлиб хизмат қилган «Ҳизбуллоҳ»нинг алоқа воситалари портлашидек мураккаб амалиёт нафақат «Ҳизбуллоҳ»ни ғафлатда қолдирган, балки Эрон раҳбариятининг ўзини ҳам жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилган бўлиши мумкин.

Бу фикрларни ваъда қилинган қасосдан воз кечиш деб талқин қилиш мумкин. Аммо айримлар бу Эрон кутилмаганда жавоб зарбасини йўллашни режалаштираётган пайт учун қилинаётган пауза бўлиши ҳам мумкинлигини айтишмоқда.

Айни вақтда воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимоли кам бўлиб кўринаётган бўлса-да, Яқин Шарқ азалдан олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеалар рўй берадиган минтақа бўлиб келганини ёддан чиқармаслик лозим.

Мавзуга оид