Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 10 йилгача қамоқ жазосига олиб келувчи 3 та йирик коррупцион айбловлар билан юзма-юз турибди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 30 ноябр куни президент Исхак Герцогга расман мурожаат қилиб, ўзини афв этишини сўради. Нетаняҳу Исроил давлатида 2019 йилда очилган учта алоҳида коррупцион ишлар – пора олиш, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Исроил президент девони «барча тегишли хулосалар олинганидан сўнг президент бу сўровни масъулият ва виждонан кўриб чиқишини» билдирган. Аммо бу қарор қачон қабул қилинишига аниқлик киритилмаган.

Исроилда президент асосан рамзий функцияларни бажаради, аммо конституциявий қонунлар унга «жиноятчиларни афв этиш, уларга нисбатан жазони юмшатиш ва алмаштириш» ваколатини беради.

Al-Jazeera нашри Нетаняҳу устидан беш йилдан буён давом этаётган суд жараёнлари ва унга қўйилган айбловлар ҳақида маълумот тўплади.

Нетаняҳу қандай жиноятлар содир этишда айбланмоқда?

1-айблов: 1000-иш — «Совғалар иши»

Нетаняҳу 2014–2017 йилларда алоқа вазири бўлиб ишлаган даврида фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Бу айблов у ҳукумат тепасига келганида – 2019 йилда эълон қилинган.

Айбномага кўра, Нетаняҳу ва рафиқаси Сара – исроиллик Ҳолливуд продюсери Арнон Милчан ва австралиялик миллиардер Жеймс Пакердан қарийб 200 минг долларлик қимматбаҳо совғалар: шампан ва сигаралар олган.

Чапдан: Жеймс Пакер ва Арнон Милчан. Фото: Getty Images

Милчан 2020 йилдаги сўроқ жараёнида Нетаняҳуга совғалар берганини тасдиқлаган. Милчаннинг шахсий ёрдамчиси Ҳадас Клайн ҳам 2023 йил судда гувоҳлик бериб, Нетаняҳу совғаларни шахсан сўраганини айтган. Бу совғалар харажатларини Милчан ва Пакер ўзаро бўлиб тўлаган.