Жамият | 10:33 / 25.09.2024
8152
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада поезд устида селфи қилмоқчи бўлган ўқувчиларни ток урди

Икки нафар ўқувчи касалхонага ётқизилган. Улардан бирининг танаси 65 фоиз куйгани, бошқасининг танаси куйиш билан бирга оёғи ҳам сингани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадрлар

Фарғона вилояти Учкўприк туманида поезд вагонлари устида селфи тушмоқчи бўлган мактаб ўқувчиларини ток урган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 сентябрь куни 13:00 ларда вилоят транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига поезд тепасига чиққан ўқувчиларни ток ургани ҳақида хабар берилган. Хабарга асосан тергов тезкор гуруҳи воқеа жойига етиб борган.

“Замон” информацион дастурида хабар берилишича, Бувайда туманида жойлашган 1-сонли мактабнинг икки нафар 10-синф ва бир нафар 8-синф ўқувчилари Учкўприк туманида жойлашган темирйўл бекатига борган. Улар темирйўл изларини белгиланмаган жойидан кесиб ўтиб, тақиқланган ҳудудга кирган.

Сўнг ўқувчилар бекатда турган буғдой ташувчи вагоннинг устига чиқиб, селфи тушмоқчи бўлган вақтларида эҳтиётсизлик қилган икки ўсмирни юқори кучланишли электр токи урган. Турли даражада тан жароҳатлари олган болалар тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага юборилган.

Ўқувчилардан бирининг танаси 65 фоиз куйган ва жонлантириш бўлимига ўтказилган. Иккинчи ўқувчига тананинг термик куйиш ва ўнг сон суяги синиши ташхиси билан ёрдам кўрсатилган.

Мавзуга оид